
Ёз вақтида одамлар салқинлаш учун турли чўмилиш масканларига ошиқади. Аммо эҳтиёткорликни унутади.
“Ёз мавсумининг айни қизиган паллалари. Табиийки, бундай об-ҳаво шароитида ҳеч бир юртдошимиз йўқки, салқин жойлардан қўним топмаган. Шу билан бирга, дам олиш кунларида салқинлаш учун турли чўмилиш масканларига ошиқади. Ўз навбатида, яна бир нарсани қайд этиш керакки, турли таълим муассасаларининг ўқувчи-талабалари ҳам таътилга чиқиб, ўз вақтларини турли дам олиш масканлари ёки салқин жойларида ўтказадилар. Хусусан, кўлларга, каналларга ва бошқа кўринишдаги сув ҳавзаларига бориб, салқинлайдилар.
Бу яхши албатта, аммо ана шундай жойларда юз бераётган баъзи бир кутилмаган бахтсиз ҳодисалар киши қалбида тушкунлик пайдо қилади. Айниқса, юртдошларимиз ўз ҳаётини қадрламай, назоратсиз, чўмилиш инсон ҳаётига хавфли бўлган ҳавзаларга бориб, чўмилишни тақиқловчи белгиларга аҳамият бермай ўз билганча иш тутиб, чўмиладилар ва оқибатда ўз умрларига зомин бўлмоқдалар.
Ҳурматли фуқаролар, ёз мавсумида турли чўмилиш ҳавзаларига борганда албатта, эҳтиёт чораларини кўринг, энг аввалло чўмилиш тақиқланган худудларда асло чўмилманг. Шуни билингки, ўрнатилган мазкур тақиқловчи белгилар бежиз қўйилмаган. Шунингдек, фарзандларингизни тақиқланган жойларга ва бошқа чўмилиш ҳавзаларига назоратсиз юборманг. Бу орқали сиз юз бериши мумкин бўлган хавф-хатарларни олдини олган бўласиз. Зеро, кейинги пушаймон ўзинга душман деб бежиз айтилмаган”, дея мурожаат қилган ИИВ.
Юқорида айтилганлардан керакли хулоса чиқариш ўзингизга ҳавола! Зеро, инсон ўз тақдирига бефарқ бўлмаслиги жоиз.