Ахборот хавфсизлиги ва жамоат тартибини таъминлашга кўмаклашиш марказининг бўшаётган 135 нафар штат бирлиги Давлат унитар корхонаси шаклида Техник кўмаклашиш марказига ўтказилади.
Қарорга кўра, умумий штат бирлиги 198 нафар, шу жумладан, ҳудудий бўлинмаларда – 110 нафар бўлган Ўзбекистон Республикаси Ахборотлаштириш ва телекоммуникациялар соҳасида назорат бўйича давлат инспекцияси, Давлат унитар корхонаси шаклида Техник кўмаклашиш маркази, Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг “Хавфсиз шаҳар” жамоат тартибига кўмаклашиш маркази ташкил этилди.
Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг Ахборот хавфсизлиги ва жамоат тартибини таъминлашга кўмаклашиш марказининг бўшаётган 135 нафар штат бирлиги Давлат унитар корхонаси шаклида Техник кўмаклашиш марказига ўтказилади.
Ахборотлаштириш ва телекоммуникациялар соҳасида назорат бўйича давлат инспекцияси Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳузуридаги Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари соҳасида назорат бўйича инспекциянинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари бўйича ҳуқуқий вориси ҳисобланади.
Давлат унитар корхонаси шаклида Техник кўмаклашиш маркази Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг Ахборот хавфсизлиги ва жамоат тартибини таъминлашга кўмаклашиш марказининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари бўйича ҳуқуқий вориси ҳисобланади, “Хавфсиз шаҳар” лойиҳасини амалга ошириш билан боғлиқ ҳуқуқ ва мажбуриятлари бундан мустасно.
Давлат инспекцияси Марказнинг таъсисчиси ҳисобланади.
Қуйидагилар:
а) Давлат инспекциясининг асосий вазифалари этиб белгиланди:
алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари, даврий босма нашрларни тарқатиш соҳасида қонун ҳужжатлари, норматив ҳужжатлар ва давлат стандартлари талабларига риоя қилиниши устидан давлат назоратини амалга ошириш;
ўз ваколати доирасида почта алоқаси, ахборот технологиялари ва телекоммуникациялари хизматларининг сифатли тақдим этилиши, даврий босма нашрлар, фонограммалар, аудиовизуал асарлар ва ЭҲМ учун дастурлар тарқатилишида истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш чораларини таъминлаш устидан давлат назоратини амалга ошириш;
фонограммалар, аудиовизуал асарлар, ЭҲМ учун дастурлар тарқатишда (сотиш, ижарага бериш ва барчанинг эътиборига етказишда) муаллифлик ҳуқуқлари соҳасидаги қонун ҳужжатларига ва норматив ҳужжатларга риоя қилиниши устидан давлат назоратини амалга ошириш;
норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларига мувофиқ давлат органлари ва ташкилотлари, шунингдек, бошқа ташкилот ва идораларда “Электрон ҳукумат” тизимида инфратузилмани ривожлантириш ва ахборот-коммуникация технологияларидан самарали фойдаланилиши устидан давлат назоратини амалга ошириш;
иш ва бошқарув жараёнларини автоматлаштириш, интеграллашган ахборот тизимларини, маълумотлар узатиш ва алмашишнинг идоралараро тармоқларини жорий этиш ва улардан фойдаланиш, давлат ахборот ресурслари интеграцияси, шу жумладан, электрон давлат хизматлари кўрсатиш самарадорлиги;
“охирги миля” тамойили бўйича Интернет тармоғидан кенг полосали фойдаланишни, мультисервис алоқа тармоқлари технологияларини, мобил алоқа бозорини, бошқа замонавий телекоммуникация хизматларини, шунингдек, почта алоқаси хизматларини ва даврий босма нашрлар тарқатишни кенгайтириш йўли билан телекоммуникация инфратузилмасини ривожлантириш устидан давлат назоратини амалга ошириш;
б) Давлат унитар корхонаси шаклида Техник кўмаклашиш марказининг асосий вазифалари этиб белгиланди:
ахборот хавфсизлигига ҳозирги вақтдаги таҳдидлар тўғрисидаги маълумотларни йиғиш, таҳлил қилиш ва тўплаш, давлат органлари ва ташкилотлари ахборот тизимлари, ресурслари ва маълумотлар базаларига ноқонуний кириб олиш ҳолатларининг олдини олишни таъминлайдиган самарали ташкилий ва дастурий-техник ечимларни тезкор қабул қилиш бўйича тавсиялар ва таклифлар ишлаб чиқиш;
қонун бузувчиларни, ахборотлар маконидаги рухсатсиз ёхуд бузувчи ҳаракатларни амалга оширишда фойдаланиладиган методлар ва воситаларни таҳлил қилиш, идентификациялашда телекоммуникациялар тармоқларининг операторлари ва провайдерлари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари билан ҳамкорлик қилиш;
ахборотлаштириш объектларида (давлат сирлари бундан мустасно) аппарат воситалари ва дастурий маҳсулотларни, ахборот-коммуникация технологиялари, телекоммуникация жиҳозлари ва бошқа техник воситаларни аттестация, экспертиза ва сертификациядан ўтказиш;
давлат органлари ва ташкилотлари ахборот тизимлари ва ресурслари ахборот хавфсизлиги сиёсатини ишлаб чиқиш ва амалга оширишда кўмаклашиш;
давлат ахборот тизимлари ва ресурслари, шунингдек, интернет тармоғи миллий сегментининг ахборот хавфсизлигини таъминлаш соҳасидаги норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;
Интернетнинг миллий фойдаланувчиларини Интернет тармоғи миллий сегментида ахборот хавфсизлигига пайдо бўлаётган таҳдидлар тўғрисида ўз вақтида хабардор қилиш, шунингдек, ахборотларни ҳимоя қилиш бўйича маслаҳат хизматлари кўрсатиш.