...
МЕНЮ
ONLINE TV

“Алп жамол” ширкати раҳбари Муҳиддин Асомиддинов Ўзбекистонга қайтди. Уни қандай жазо кутяпти?


15:50, 16.01.2019 Жамият
 17 326

Ҳозирда жиноят иши бўйича тергов ҳаракатлари Бош прокуратура томонидан олиб борилмоқда.

Ўзбекистондаги илк хусусий банклардан бири “Алп Жамол банк” эгаси Муҳиддин Асомиддинов ўтган ҳафта охирида Тошкентга қайтган. У 2010 йилда Ўзбекистонни тарк этганди.
 
Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси Матбуот хизмати қуйидагиларни маълум қилди.
 
“Алп Жамол банк” кузатув кенгашининг собиқ раиси Муҳиддин Асомиддиновга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 167 (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш), 184 (Солиқлар ёки бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан бўйин товлаш) ва бошқа моддалари билан қўзғатилган ва кейинчалик унинг қидирувда бўлганлиги сабабли тўхтатилган жиноят иши ҳозирда Асомиддиновнинг ўз ихтиёри билан қайтиб, терговга жалб қилинганлиги сабабли қайта тикланган.
 
Айбланувчининг содир этган қилмишидан пушаймонлиги, етказилган зарарни ихтиёрий равишда тўлиқ қоплаганлиги ва тергов билан фаол ҳамкорлик қилаётганлиги нуқтаи назаридан унга қўлланилган қамоқ эҳтиёт чораси муносиб хулқ-атворда бўлиш тўғрисидаги тилхатга ўзгартирилган.
 
Қайд этилишича, ҳозирда жиноят иши бўйича тергов ҳаракатлари Бош прокуратура томонидан олиб борилмоқда.
 
Маълумот учун, 2010 йил март ойида Ўзбекистон Марказий банки “Алп Жамол банк” лицензиясини бекор қилди. Банк раҳбарияти, “Ўзбекистон Республикаси Марказий банки тўғрисида”ги қонуннинг 53-моддаси ҳамда “Банк ва банк фаолияти тўғрисида”ги қонуннинг 14- моддаси асосида “банк қонунчилигини бузиш”да айбдор деб топилганди.
 
Хабарларга кўра, 2010 йил 1 январига келиб “Алп Жамол банк” активлари 118,6 млрд сўмга етган, банкнинг жисмоний ва юридик мижозлари сони эса 155 мингдан ошган.
 
2011 йил март ойида “Алп Жамол банк”нинг кўчмас ва нокўчмас мулклари давлат фойдасига мусодара этилган.
 
Таъкидланишича, банк ёпилишидан аввал мамлакатни тарк этган Муҳиддин Асомиддинов қўшни Қозоғистон давлатининг йирик шаҳарлари Остона ва олма отада яшаб келган.
 
Маълумот ўрнида, Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 167-моддасига кўра айбдор деб топилган шахсга энг кам ойлик иш ҳақининг юз бараваригача миқдорда жарима ёки икки юз қирқ соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд бир йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.
 
Шу ўринда таъкидлаш жоизки, етказилган моддий зарарнинг ўрни қопланган тақдирда озодликни чеклаш ва озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо қўлланилмайди.
 
184-моддага кўра биринчи марта айбдор деб топилган шахс, агар у солиқ текшируви материалларини кўриб чиқиш натижалари бўйича давлат солиқ хизмати органининг қарорини олган кундан эътиборан ўттиз кун ичида солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар, шу жумладан пенялар ва бошқа молиявий санкциялар тарзида давлатга етказилган зарарнинг ўрнини тўлиқ қопласа, жавобгарликдан озод қилинади.
Суннатилла Абдуллаев

Теглар:Алп Жамол банк Муҳиддин Асомиддинов 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

qalampir.uz сайтини баҳоланг!

Барча сўровлар