Соҳани жадал ривожлантириш бўйича муҳим вазифалар белгилаб берилган.
– Ахборот технологиялари ва коммуникациялари ривожи барча соҳаларнинг жадал тараққиётига хизмат қилади, одамларга қулайлик яратади. Йил бошида ушбу муҳим соҳани ривожлантириш бўйича белгилаб берилган кўплаб вазифалар ижроси тўлиқ таъминланмади. Тармоққа инвестиция жалб этиш, хизматлар ва тайёр дастурий маҳсулотларни экспорт қилиш аҳволи бизни умуман қониқтирмайди, деган Шавкат Мирзиёев.
Шунинг учун вазирликнинг раҳбариятини ўзгартиришга мажбур бўлдик. Янги вазир ва унинг ўринбосарлари бундан тегишли хулоса қилиб, ўз ишларини мутлақо бошқача тарзда ташкил этишлари лозим. Мавжуд муаммоларни тезроқ бартараф этиш ва тармоқни тубдан ривожлантириш, жалб этилаётган инвестициялар ва экспорт ҳажмини кескин кўпайтириш, энг муҳими, қисқа даврда тизимда сезиларли ижобий ўзгаришларни таъминлаш керак, – деган Президент.
Мажлисда давлат раҳбарининг жорий йил 19 февралдаги “Ахборот технологиялари ва коммуникациялари соҳасини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ва Президент ҳузуридаги йиғилишларда берилган топшириқлар ижросини таъминлаш қандай бораётгани таҳлил қилинган. Соҳани жадал ривожлантириш бўйича муҳим вазифалар белгилаб берилган.
Ахборот технологиялари ва коммуникациялари соҳасига хорижий инвестицияларни жалб этиш, тўғридан-тўғри сармоялар иштирокидаги лойиҳалар ҳиссасини ошириш зарурлиги таъкидланди. Жорий йилда камида 200 миллион доллар, 2019 йилда эса инвестициялар, айниқса, тўғридан-тўғри сармоялар ҳажмини 500 миллион долларга етказиш вазифаси қўйилган.