Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчаларни киритсин.
Мамлакатимизнинг иқтисодиёт, ишлаб чиқариш, илм-фан, маданият, таълим, соғлиқни сақлаш, юриспруденция ва бошқа соҳаларида кўп йиллар давомида ҳалол ва самарали меҳнат қилган нафақа ёшидаги юртдошларимизни, шунингдек, ишламасдан, ҳаётини оилалар мустаҳкамлигини сақлаш, фарзандларимизни жамият олдида масъулият, миллий ва умуминсоний қадриятларга, катталарга ва ёш авлод вакилларига ҳурмат, она Ватанга муҳаббат, истиқлол ғояларига садоқат руҳида тарбиялаш ишларига бағишлаб, жамиятимизда ҳурмат қозонган оналарни муносиб тақдирлаш мақсадида ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 28 декабрдаги "Ўзбекистон фахрийларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш "Нуроний" жамғармаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПФ-4906-сонли Фармонига асосан:
1. "Меҳнат фахрийси" кўкрак нишони таъсис этилсин.
2. Қуйидагилар:
"Меҳнат фахрийси" кўкрак нишони тўғрисидаги Низом 1-иловага мувофиқ;
"Меҳнат фахрийси" кўкрак нишони ва унинг гувоҳномасининг тавсифлари 2, 3-иловаларга мувофиқ;
"Меҳнат фахрийси" кўкрак нишони билан тақдирланган шахслар яшайдиган хонадонлар ва уй-жойлар эшикларига ўрнатиладиган белги (кейинги ўринларда – "Меҳнат фахрийси" белгиси)нинг тавсифи 4-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
3. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси "Меҳнат фахрийси" кўкрак нишонлари, уларнинг гувоҳномалари ва "Меҳнат фахрийси" белгиларининг тайёрланишини таъминласин.
4. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги "Меҳнат фахрийси" кўкрак нишонлари, уларнинг гувоҳномалари ва "Меҳнат фахрийси" белгиларини тайёрлаш учун зарур пул маблағларини Ўзбекистон Республикасининг республика бюджети ҳисобидан ажратсин.
5. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчаларни киритсин.
6. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Арипов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси
Президенти Шавкат Мирзиёев
Тошкент шаҳри, 2017 йил 14 июль