...
МЕНЮ
ONLINE TV

​Президент ҳаммасини билади: номига тузилган шартномалар, омборлардаги кераксиз товарлар...


10:23, 20.04.2017 Жамият
 11 170

Ишлаб чиқаришни янада кенгайтириш, маҳаллий ишчи кучи ҳажмини ошириш, экспорт ва импорт масалалари Шавкат Мирзиёев томонидан жиддий танқид қилинди.

Кеча, 19 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида ишлаб чиқариш соҳасидаги камчиликлар ва ютуқларга бағшланган видеоселектор йиғилиши ўтказилгани ҳақида хабар берган эдик.

Танқидий руҳда ўтказилган мазкур йиғилишда кўплаб корхона ва компаниялар раҳбарлари қатъий огоҳлантирилди. Шунингдек, ишлаб чиқаришни янада кенгайтириш, маҳаллий ишчи кучи ҳажмини ошириш, экспорт ва импорт масалалари Шавкат Мирзиёев томонидан жиддий танқид қилинди.

Қолаверса, “Ўзбекнефтгаз” миллий холдинг компанияси, "Ўзбекистон темир йўллари" акциядорлик жамияти раҳбарлари А.Султонов ва А.Шукуровга инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун кераксиз бўлган товарлар божхона омборларида узоқ муддат сақланаётгани кўрсатиб ўтилди. Давлат божхона қўмитасига Ҳисоб палатаси ва Адлия вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда божхона омборларида узоқ вақтдан буён сақланаётган маҳсулотларни тўлиқ инвентаризациядан ўтказиш ва улардан кейинчалик фойдаланиш, шунингдек, божхона омборлари тизимини мақбуллаштириш ва тартибга солиш, улар учун халқаро стандартлар даражасида ягона техник талаблар белгилаш бўйича Вазирлар Маҳкамасига аниқ таклифлар киритиш топширилди. 

"Ўзфармсаноат" давлат акциядорлик концерни раҳбари М.Дўстмуродов, "Ўзэлтехсаноат" акциядорлик компанияси раҳбари Ф.Боқиев, “Ўзагротехсаноатхолдинг” холдинг компанияси раиси Н.Отажонов, “Ўзбекозиқовқатхолдинг” холдинг компанияси раиси О.Рустамов ва "Ўзмонтажмахсусқурилиш” акциядорлик компанияси раҳбари А.Шодиев маҳаллийлаштириш ва маҳаллийлаштирилган маҳсулотлар ишлаб чиқариш лойиҳаларини ўз вақтида ва тўлиқ амалга оширишни таъминламаётгани учун қаттиқ танқид қилинди. 

Йиғилиш иштирокчилари эътибори аксарият корхоналар Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперацион биржада шартномаларни номигагина тузаётганига қаратилди. Жумладан, "Ўзавтосаноат","Ўзмонтажмахсусқурилиш”, "Тошшаҳартрансхизмат" акциядорлик компаниялари, Автомобиль йўллари давлат қўмитаси, "Ўзбекистон ҳаво йўллари" миллий авиакомпанияси, "Ўзагросаноатхолдинг" холдинг компанияси корхоналари 2016 йилда тузилган шартномалар бўйича маҳсулотларни тўлиқ харид қилмаган. Вазирлар Маҳкамасининг комплекслари раҳбарлари, ахборот-таҳлил департаментлари мудирлари, вазирлик ва идоралар, акциядорлик компаниялар, уюшмалар, хўжалик бирлашмалари ва йирик корхоналар раҳбарлари Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперацион биржада 2017 йил учун тузилган шартномалар ўз вақтида, тўлиқ амалга оширилиши учун шахсан жавоб бериши ҳақида қатъий огоҳлантирилди. 

Экспорт прогноз кўрсаткичлари бажарилишини таъминлашда йўл қўйган камчиликлари учун “Ўзагротехсаноатхолдинг” (Отажонов), “Ўзбекозиқовқатхолдинг” холдинг (Рустамов) компаниялари, "Ўзқурилишматериаллари" акциядорлик жамияти (Зарипов), "Ўзфармсаноат" давлат акциядорлик концерни (Дўстмуротов) раҳбарлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси ва вилоятлар ҳокимлари фаолияти танқид қилинди. 

2017 йилнинг биринчи чорагида мева-сабзавот маҳсулотларини белгиланган ҳажмда экспортга етказиб беришни таъминламаган туманлар ҳокимлари биринчи ярим йил якунлари бўйича прогноз кўрсаткичларини бажармаган тақдирда уларнинг эгаллаб турган лавозимида қолиши ёки қолмаслиги тўғрисидаги масала кўриб чиқилиши ҳақида огоҳлантирилди. 
Бобур Жалолов

Теглар:Шавкат Мирзиёев 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Сиз қайси яхна ичимликларни ичасиз?

Барча сўровлар