...
МЕНЮ
ONLINE TV

Ал-Азҳар қандай университет? Унинг Ўзбекистон ҳукуматидаги талабаси ким?


12:41, 22.10.2018 Бу қизиқ
 5 224

Бугунги кунда университетнинг дунё бўйича 3 миллионга яқин битирувчиси бор.

Жорий йилнинг сентябрь ойи бошида Миср Араб Республикаси Президенти Абдулфаттоҳ ас-Сиси Ўзбекистонга ташриф буюрган эди. Ташриф давомида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев билан учрашув бўлиб ўтди ва унда Мисрнинг Ал-Азҳар университети ва бошқа илмий-тадқиқот муассасалари билан Ўзбекистон халқаро Ислом академияси, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқотлар маркази ва Ислом цивилизацияси маркази ўртасида фаол ҳамкорлик ўрнатишга келишиб олинганди.
 
Куни кеча иср Бош имоми, Ал-Азҳар мажмуаси раҳбари шайх Аҳмад Муҳаммад Тоййиб ҳам Ўзбекистонга келганида мамлакат раҳбари Шавкат Мирзиёев қабулида бўлди.
 
Мазкур учрашувда Аҳмад Тоййиб Халқаро ислом академияси таркибида Ал-Азҳар университети кафедрасини ташкил этиш, мисрлик таниқли олимларнинг Ўзбекистонда дарс бериши, Ал-Азҳар магистратурасида талаба ва ёш олимларимизнинг имтиёзли таҳсил олиши, икки давлат уламоларининг қўшма Фатво ҳайъатини тузиш ҳамда биргаликда илмий анжуманларни ва қўшима тадбирларни ўтказиш бўйича таклифларни қўллаб-қувватлаган.
 
Хўш, бу университетнинг бугун жаҳонга тутган ўрни, нуфузи қандай?


 
Мисрнинг фахри, ислом оламининг илмий марказларидан бири – бир минг икки юз эллик йилга яқин тарихга эга бўлган Ал-Азҳар мажмуаси жаҳондаги ҳам диний, ҳам дунёвий йўналишлар борасидаги етакчи олий таълим муассаса ҳисобланади.
 
Тарихга назар соладиган бўлсак дастлаб, мазкур университет 970 йилда Фотимийлар даврида Ал-Азҳар масжиди қошидаги мадраса сифатида ташкил этилиб, Пайғамбар Муҳаммад (С.А.В.) қизлари Фотимаи Заҳро (Р.А) шарафига номланган.
 
Қоҳира шаҳри географик жиҳатдан Осиё ва Африка минтақасининг чорраҳасида жойлашганлиги боис Ал-Азҳарга кўплаб ҳорижий мамлакатлар талабалари ҳам илм талабида ташриф буюрган.
 
XIV–XV асрларда университет атрофида бир нечта мадрасалар очилган. Кейинроқ, улар Ал-Азҳар таркибига қўшилган. Аммо Миср Усмонли турклар томонидан босиб олингач, давлат илм даргоҳини қўллаб-қувватламай қўйган. Натижада таълим тизими инқирозга учраган. Қатор мадрасалар фаолияти тўхтатилган. Бироқ университет ўзининг муҳимлик даражасини сақлаб қолган. XVIII асрга келиб, Ал-Азҳар умуммусулмон таълим ва фан марказига айланган.
 
XIX асрнинг сўнгги чорагида таълим муассасасида ўқув дастурлари янгиланиб, ташкилий тузилмалар ва ички тартиб қоидалар шаклланишидек узоқ ва оғриқли жараён бошланган. Ал-Азҳар аста-секин университет унвонини қабул қилган.
 
1961 йилда “Ал-Азҳарни ривожлантириш тўғрисидаги қонун”га мувофиқ университетда политехника каби дунёвий факультетлар ҳам очилган. Ўша йили таълим муассаси қошида аёллар ва қизлар учун коллеж ташкил топган. Уларга аёл ўқитувчилар дарс берган.
 
Бугунги кунга келиб университет араб мамлакатлари ичидаги энг катта ва нуфузли таълим даргоҳига айланган, у ўзига хос Миср бренди ҳисобланади. Ҳатто, университет номи мамлакат конститутциясида қайд этиб ўтилиши унинг аҳамиятини кўрсатиб турибди. Ҳозирда Ал-Азҳар ўз таркибида ислом тадқиқотлари академияси, университет, маъҳадлар, жоме масжиди, бир қанча илмий марказларни бирлаштирган йирик расмий диний мажмуа ҳисобланади. Бугунги кунда университетнинг дунёда 3 миллионга яқин битирувчиси бор.
 
Университет битирувчилари орасидан файласуф, судья, ҳуқуқшунос, рассом, дипломат, жамоат арбоби, президент, олим, сиёсатчи, маданият арбоблари чиққан.
 
Жумладан, Ўзбекистонда ҳам ушбу нуфузли олий таълим муассасасини тамомлаган ва бугун давлат ишларида фаолият юритаётган собиқ битирувчи бор. “Qalampir.uz” аниқлаган маълумотларга қараганда, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раиси ўринбосари Нуримон Абдулҳасан ҳам Ислом оламидаги энг машҳур илм даргоҳи ҳисобланувчи Ал-Азҳар университетини тамомлаган.
 
Халқаро ислом академияси таркибида Ал-Азҳар университети кафедраси ташкил этилиши ва ушбу ОТМ тажрибаси Ўзбекистонда қўлланилиши Ўзбекистон таълими учун катта фойда келтириши шубҳасиз.
 
Эндиликда Ўзбекистонда ҳам жаҳоннинг йирик олий таълим муассасаларидан бири бўлган, ҳам дунёвий, ҳам диний илмлар борасида етарли тажриба ва катта имкониятларни ўзида жамлаган Ал-Азҳар университети таълимидан ўзбекистонлик минглаб ёшлар баҳраманд бўлади. 
Суннатилла Абдуллаев

Теглар:Ал-Азҳар Миср Нуримон Абдулҳасан 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!