...
МЕНЮ
ONLINE TV

Фарғона воқеаларига 30 йил! Ўзбекларга қарши низо қулупнай ортидан чиққанмиди?


17:52, 21.01.2019 Бу қизиқ
 18 820

Ўтган асрнинг 88-89, 90-йилларида Ўзбекистонда мустақиллик ғояларини илгари суриш янаям кучайди. Ўнлаб йиллар давом этган мутелик тизгинини энди тутиб бўлмай қолганди. Жамиятни аввалгидек бошқариб бўлмасди. Одамлар орасида кўтарилиш вужудга келдики, бу кўтарилиш маълум бир кучларни қўрқитар эди. Ўша вақтларда Республикалардаги миллий озодлик ҳаракатларига жуда шавқатсиз муносабатда бўлинган.
 
1989 йил. Аввалига Озарбайжоннинг Баку шаҳрида қўзғалонлар бошланди. Бу шаҳарда Михаил Горбачёв илк бор ижтимоий норозиликни бартараф этишнинг ўта ваҳшиёна усулларни қўллаб кўрди. Фарғона ва Ўшдаги воқеалар ҳам айнан шу йилда рўй берган эди.
 
“Ўзбекистонда мустақилликка бўлган интилиш, халқнинг сиёсий фаоллигини сўндириш учун янги найрангларни ўйлаб топишди. Бу миллатлар ўртасидаги низо эди. Бу гал Фарғонанинг Қувасойида бошланди. Қувасойдан жуда тез Фарғона водийсига, кейин бошқа вилоятларга тарқалди”, деган эди Ўзбекистон Қаҳрамони Озод Шарофиддинов.


 
1989 йилнинг июнь ойини ўзбек халқи кўп йиллар хотирасидан чиқармайди. Ўша вақтлар Фарғонада маҳаллий аҳоли ва месхети турклар ўртасида низо келиб чиқди.
 
Ўша кезларда Олий совет раисининг ўринбосари Рафиқ Нишоновдан Фарғонада нима бўлаётгани сўралди. Бу савол берилганда аллақачон қон тўкилиб, одамлар ўлган эди. Нишонов воқеаларга беэътибор шундай жавоб беради:
 
“Бозорда икки киши қулупнай талашиб, жанжаллашиб қолибди”.
 
Хўш, воқеалар аслида қандай бўлган эди? Ислом Каримов номидаги Республика хайрия жамоат фонди 1989 йилдаги Фарғона воқеаларини ёдга олди.


 
“Совет Иттифоқида миллий масалага алоҳида эътибор қаратилган эди. Тоталитар бошқарувга асосланган Марказ раҳбарияти зуғуми билан иттифоқдош республикаларда яшовчи инсонларнинг миллий ўзлиги поймол қилиниб, камситилар эди. ХХ асрнинг 70-йилларида эса “cовет кишиси” тушунчасини кенг тарғиб-ташвиқ этишга уринишлар кузатилди.
 
Асосий аҳолиси ўзбеклар ҳисобланган Тошкентда ўзбек тилида фильм намойиш этувчи бирорта кинотеатр йўқ эди, аксар ҳолларда пешлавҳалар, географик номлар ва эълонлар ҳам биринчи галда рус тилида ёзилар эди. Бу “титул” миллатнинг манфаат ва талабларини эътиборга олмаслик оқибати эди.
 
Шу боис ҳам, собиқ Совет Иттифоқи “умри”нинг сўнгги кунларини бошдан кечираётган даврда – ижтимоий-сиёсий таназзул ва иқтисодий турғунлик шароитида мафкуравий инқироз рўй берди, Марказ ҳокимияти заифлашди. “Яширин” бўлиб келган миллатлараро танглик кучайиб, айрим минтақаларда шафқатсиз этник зиддиятлар кўринишида намоён бўлди.
 
1989 йилнинг майида Фарғонада ўзбеклар ва месхети турклари ўртасида даҳшатли қирғинга айланган оммавий тўқнашувлар бошланиб кетди, бутун Фарғона олов ичида қолди. Зиддият тўлқини ўша кезлар республика аҳолисининг қарийб ярми яшаётган Фарғона водийсини бутунлай ўз домига олиши мумкин эди. Фарғона ҳодисалари пайти 100 дан зиёд киши қурбон бўлди, мингга яқин инсон жароҳатланди.
 
Ана шундай мушкул паллада Ислом Каримов республика раҳбари этиб сайланди. Сайланганидан кейин у зудлик билан Фарғонага борди. Каримовнинг пухта ўйлаган сиёсати ва фаол саъй-ҳаракатлари ҳамда жараёнда Марказ вакиллари ҳам бевосита қатнашиши лозимлиги ҳақидаги қатъий талаблари туфайли қонли ихтилоф авж олмасдан тўхтатиб қолинди. Акс ҳолда, бутун республикада беқарорлик юзага келиши мумкин эди.
 
Ислом Каримов Ўзбекистоннинг турли ҳудудларида аланга олаётган миллатлараро зиддиятларни бартараф этиш бўйича дадил ва мардонавор чора-тадбирларни амалга оширди. Шу тариқа у 1990 йил февраль-март ойларида Бўка ва Паркентда, 1990 йил июнь ойида Ўшда қонли этник ихтилофларнинг олдини олди.
 
Президент Ислом Каримов Ўзбекистонда истиқомат қилаётган барча миллат ва элатларнинг тенг ҳуқуқлилигини таъминлаш, ҳам “титул” миллат, ҳам миллий озчиликлар манфаатларини ҳимоя қилишга алоҳида эътибор қаратди.
 
Биринчи Президент томонидан ислом динининг қайта уйғониши, қолаверса, мамлакатдаги барча конфессияларнинг эркин фаолият юритишига ғамхўрлик кўрсатилгани бу борада улкан аҳамият касб этди. Барча диний конфессиялар вакиллари ўз эътиқодига эмин-эркин ва тўсиқларсиз амал қилишлари учун зарур шарт-шароит яратилди.
 
Миллий ва маданий марказларнинг ташкил этилгани Ўзбекистон халқининг бирлиги ва якдиллигини таъминлаган муҳим омиллардан бири саналади. Тошкентда мамлакатдаги миллий-маданий марказларнинг бошини қовуштирган марказ таъсис этилди, 1992 йил январда у Республика байналмилал маданият марказига айлантирилди. Ўша йиллари Ўзбекистонда татар, немис, корейс, озарбойжон, қозоқ, яҳудий каби 54 та миллий ва миллатлараро марказларга асос солинди. Марказлар фаолияти, қолаверса, турли миллат ва элатларнинг ўз тарихи, адабиёти, тилини ўрганиш, анъаналар, миллий байрам, урф-одат ва маросимларни тиклаш ва ривожлантириш сингари маданий, маънавий ва ижтимоий талабларини қондириш учун қулай муҳит яратилди.


 
1989 йил октябрда Ислом Каримовнинг дадил сиёсий қадами маҳсули сифатида “Давлат тили ҳақида”ги қонун қабул қилинди. Ушбу қонун билан узоқ вақт иккинчи даражада бўлиб келган ўзбек тилига давлат тили мақоми берилди. Бу ҳодиса ўзбек халқининг миллий ўзлик туйғуси ўсишида муҳим роль ўйнади. Қолаверса, бу мустақилликка эришиш йўлидаги дастлабки ғалаба ҳам эди.
 
Бугун Ўзбекистонда 140 га яқин республика ва ҳудудий миқёсдаги миллий-маданий марказлар фаолият юритмоқда. 130 дан зиёд миллат ва элат вакиллари тинч-тотув ва аҳилликда яшаб келмоқда. Уларнинг этник маданияти, анъана ва урф-одатларини асраб-авайлаш ва ҳар томонлама ривожлантириш учун шароитлар яратилган. 16 та конфессияга мансуб диний ташкилотлар фаолият юритмоқда. Таълим муассасаларида 7 тилда сабоқ берилмоқда, Миллий телерадиокомпания ўз дастурларини 12 тилда эфирга узатмоқда, газета-журналлар эса 10 дан зиёд тилда чоп этилмоқда.
 
Бугун ишонч билан айтиш жоизки, айнан Ислом Каримов миллатлараро зиддиятларни тўхтатди, фуқаролар урушининг олдини олди, ва бу билан минглаб инсонлар ҳаётини сақлаб қолди; нафақат мамлакатимизда, балки бутун кўпмиллатли Марказий Осиё минтақасида тинчлик ва барқарорликни таъминлади.


 
Биринчи Президент томонидан мамлакатимиздаги барча миллат ва элатларга кўрсатилган ғамхўрлик – унинг бошқа халқларга эҳтироми ва ўз она элига юксак фарзандлик муҳаббатининг ифодасидир. Миллатидан қатъи назар, ватандошларимизнинг Ислом Каримовга бўлган чуқур ҳурмати ва меҳр-муҳаббатининг боиси ва тарихий қадр-қиммати ҳам ана шунда”.

Теглар:Фарғона воқеалари Ислом Каримов 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!