“МЮ” футболчиси Феллайнининг суперкубог баҳсида олинган сурати интернетда машҳур бўлиб кетди.
Учрашув якунланганидан сўнг, ҳар икки жамоа футболчилари ва мураббийлари ўйин ҳақида шахсий фикрларини билдиришди.
Жозе Моуриньо, “Манчестер Юнайтед” бош мураббийи: Ўйинимиз даражасидан қониқиш ҳосил қилдим. Англияда “Реал” йўқ. Аслида биз ҳам кучли жамоамиз, аммо “Реал” ўйинчилари бошқача савияда футбол ўйнашади. Модрич, Кроос, Иско ва Каземиро каби футболчиларни бошқа жамоалардан топиб бўлмайди. Биз ғалаба учун охиригача курашдик, ахир бу “МЮ” учун ажойиб кўрсаткич.
Андер Эррера, “Манчестер Юнайтед” ярим ҳимоячиси:
Тан олиш керак, “Реал” – дунёнинг энг кучли жамоаси ҳисобланади. Шу сабабдан фаворит саналган жамоа совринни қўлга киритди. “МЮ”? Ҳозирда бизданда ҳам кучли таркибга эга бўлган 5-6 та жамоа бор. Албатта, вақт ўтган сайин улар даражасига етиб оламиз.
Зинедин Зидан, “Реал” бош мураббийи: Бизда кўплаб иқтидорли футболчилар бор, уларнинг самарали меҳнати орқали юқори чўққиларга чиқяпмиз. Ўйин идеал тарзда ўтди. Тўғриси, биз ғалаба қозонишдан чарчамаймиз, аммо келинг бу финал эканлигини унутмайлик. Бунақаси камдан кам бўлади. “Реал”да характер бор ва буюк ғалабалар ҳақида ҳамиша ўйлайверамиз.
Серхио Рамос, “Реал” сардори: Уйимдаги совринлар яна биттага кўпайганидан хурсандман. Ҳеч қачон ғалаба қозонишдан чарчамайман. Жамоа жуда аҳил ва ғалабага ташна, Зидан “Реал”ни буткул ўзгартириб юборди.
Иско, “Реал” ярим ҳимоячиси: Биз кўпроқ гол уришимиз мумкин эди. Чунки, бизда имкониятлар бўлди, аммо фойдалана олмадик. Шу боис охирги дақиқаларда осон бўлмади. Умуман олганда ўйинни ёмон ўтказмадик. Жамоамиз ғалабага ҳақли эди.
“Реал” – “Манчестер Юнайтед” учрашувига доир фактлар:
“Реал” ярим ҳимоячиси Иско – учрашувнинг энг яхши футболчиси сифатида эътироф этилди.
“Реал” 66-расмий ўйинида кетма-кет гол уришда давом этди.
“Манчестер Юнайтед” устози Жозе Моуриньо УЕФА Суперкубогида уч марта мағлуб бўлган илк мураббийга айланди.
Шунингдек, “Манчестер Юнайтед” ярим ҳимоячиси Маруан Феллайнининг суперкубог баҳсида олинган сурати интернет тармоқларида машҳур бўлиб кетди.
Футболчининг бошига тўп теккан ҳолатдаги сурати фойдаланувчиларнинг кайфиятини кўтарди ва тезлик билан барча ижтимоий тармоқларга тарқатилди.