“Реал Мадрид” академиясининг тажрибали уч нафар мураббийи июнда Тошкентга келади.
Кеча, испаниялик меҳмонлар “Бунёдкор” стадиони ва футбол академияси фаолияти билан танишди ва ташкил этилган матбуот анжуманида ўзбекистонлик журналистларнинг саволларига жавоб берди.
Андрес Антонио дастлаб, Ўзбекистонга ташрифдан мақсад ЎФА билан яқин ҳамкорлик қилиш эканлигини таъкидлади.
“Реал Мадрид” менежери клубнинг Real Madrid Foundation Clinic дастури асосида фаолият юритаётган мураббийларини Ўзбекистонга жалб этиб, улар иштирокида футбол мактабларида машғулотлар олиб бориш ва футболчилар билан ишлаш жараёнлари ҳақида тажрибалари билан ўртоқлашиш эканлигини қайд этди.
Шунингдек, 115 йиллик тарихга эга бўлган “Реал Мадрид” академияси дастурлари орқали Ўзбекистонда болалар футболини янада ривожлантиришга ҳисса қўшиш эканлигини таъкидлади.
Унинг айтишича, ҳаракатлар июнь ойида бошланади. Яъни “Реал Мадрид” академиясининг тажрибали уч нафар мураббийи Тошкентга келади ва улар 30 нафар ўзбекистонлик болалар мураббийлари ҳамроҳлигида 300 нафар истеъдодли ёш футболчиларга ўзларининг услуби бўйича машғулотлар ўтказади.
Шундан 40 нафар ўзбекистонлик ёш футболчилар саралаб олиниб, Испанияга олиб кетилади ва клуб футбол академиясининг фаолияти билан яқиндан таништирилади.
Андрес Антонио “Қироллик клуби”нинг расмий ўйинлари тиғиз эканлигини айтиб, келгусида Ўзбекистонга “Реал”да тўп сурган собиқ юлдузларнинг келишини таъминлаш имконияти борлигини ҳам гапириб ўтди.