ЎзА мухбири Тошкентдаги “Қўйлиқ деҳқон бозори”да бўлиб, нарх-наво билан танишди, харидорларнинг фикрлари билан қизиқди.
– Яқинда қизимни узатаяпман. Ош учун янги сабзи олдим. Тиллодай ялтираб турибди. Рўзғор учун қизилидан ҳам олдим, – дейди “Қўйлиқ деҳқон бозори”да харид қилаётган Ботир Жамолов. – Олма, ноклар ҳам жуда яхши сақланган, нархи ҳам ёздагидек.
Хабарда келтирилишича, “Қўйлиқ деҳқон бозори”да сотилаётган маҳсулотлардан харидорлар мамнун.
“Қўйлиқ деҳқон бозори” расталарини оралаб, усти ёпиқ павильонига кирар экансиз, бу ерда сут, гўшт, тухум маҳсулотлари ва турли ширинликлар, хуллас, кундалик турмуш учун зарур бўлган барча нарсалар муҳайё эканини кўриб қувонасиз. Расталардаги гўшт нархи 23-24 минг сўм атрофида. Қассобларнинг қўли-қўлига тегмайди, дейилади хабарда.