ЙПХ ходими У.Ачилов 4 нафар фуқаронинг тажовузига учради.
Унга кўра, жорий йилнинг 5 март куни “Олтин топган” блокпостида ЙПХ инспектори У.Ачилов томонидан давлат рақами 01М 974UA бўлган Damas русумли автомобиль тўхтатилади.
Ҳайдовчи, 24 ёшли Х.Салоҳиддиннинг (исм-шарифи ўзгартирилган) транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқни берувчи ҳужжатларга эга эмаслиги аниқланади. Шунда Ички ишлар ходими қоидага биноан машина жарима майдончасига жойлаштирилишини маълум қилади. Бу эса Салоҳиддиннинг отаси ва автомобильдагиларга ёқмайди. Улар ЙПХ инспекторини турли гап сўзлар билан чалғита бошлайдилар ва фурсатдан фойдаланган ҳайдовчи воқеа жойидан қочиб қолади.
ЙПХ ходими У.Ачилов ППХ сержанти Жавоҳир Элмуродов ҳамда ЙПХ инспектори Улуғбек Матмуродов қоидабузар машинаси ортидан борадилар. Улар Damas’ни Бектемир туманининг Тинчлик кўчасида қувиб етади ва йўлини тўсиб тўхтатиб, баённомани расмийлаштириш учун ҳайдовчидан паспортини сўрашади.
Шу вақтда қоидабузарнинг отаси Х.Ҳамидулло ва унинг яқин қариндошлари – сурхондарёлик Н.Исматилло, қашқадарёлик Х.Нигора, Т.Отабек, тошкентлик Х.Нодира Ички ишлар органлари ходимларига қаршилик кўрсатиб хизмат вазифасини бажаришига тўсқинлик қиладилар. Улар ҳуқуқ посбонларига нисбатан зўравонлик қилиб, ходимнинг қўлидаги баённомани йиртиб ташлайдилар, погонларини юлиб олиш учун ходимларга ташланадилар.
Ушбу ҳолат юзасидан Бектемир тумани прокуратураси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 219 моддаси 2 қисми (Ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш) билан жиноят иши қўзғатилган.