...
МЕНЮ
ONLINE TV

“Ўзбекконцерт”нинг бадиий кенгашига кулайми ё куяйми? Эфирда кетаётган клиплар қайтарилганмиш


14:41, 06.12.2018 Шоу-бизнес
 11 980

Бунақада “Ўзбекконцерт”нинг обрўси қоладими? Улар бир тарафдан клипларни чеклаб турсаю телеканаллар билганини қилаверса...

Кеча, 5 декабрь куни “Ўзбекконцерт” давлат муассасаси қошидаги қўшиқлар ва уларга ишланган видеоклиплар савиясини баҳолаш Бадиий Кенгашининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Кенгашда 16 нафар хонандалар томонидан тақдим этилган видеоклиплар кўриб чиқилди. Бу ҳақда “Ўзбекконцерт” давлат муассасаси хабар бермоқда.
 
“Ниҳол” мукофоти совриндорлари Ирода Дилрознинг  “Ўғлим”, Шароф Муқимовнинг “Қора кўзлар”, хонандалар Зилола Мусаеванинг (Шаҳзода) “Мен ўша”, Отабек Муҳаммадзоҳиднинг “Она”, Қиличбек Мадалиевнинг “Севги”, Жасур Мавлоновнинг “Нетай” қўшиқларига ишланган видеоклиплари муҳокама қилиниб эфирга узатишга тавсиялар берилди. “Мароқанд” гуруҳининг “Торимнинг сири”, Элвин Мирзезаде ва Шахризода Аҳмедова билан ижро этган “Ҳасрат” қўшиқларига олинган видеоклипларига истисно тариқасида рухсат берилди.
 
Хонандалар Жаҳонгир Позилжонов ва Дилафрўз Ҳайитметовалар ижро этган “Меҳмоним” дуэти,  Севара Юсупованинг (Севара тахаллуси билан эфирга чиқаётган)  “Узун йўл”, Маҳлиё Омоннинг “Фарғонадан”, Жаҳонгир Отажановнинг “Қадди баланд”, Достон Убайдуллаевнинг “6-хонадон”, Алишер Зокировнинг “Майли, майли” қўшиқларига олинган видеоклиплари муҳокама қилиниб, уларда баъзи жузъий камчиликлар кўзга ташлангани сабабли рад этилди.
 
“Ўзбекконцерт”га ҳайрон қоласан киши. Буёқдан назорат қилади, нариги тарафдан жиловни бирдек тута олмайди. Юқори номлари келтирилган клиплар аллақачон интернетга ва телеканалларга чиқиб бўлганидан кейин, уни бадиий кенгаш муҳокамасига қўйишдан нима наф? Умуман ҳайит ўтгандан кейин хина қўйиш кимга керак? Муассаса бадиий кенгаш фаолиятини қайта кўриб чиқса, мақсадга мувофиқ бўларди. Қолаверса, мамлакатдан фаолият юритаётган телеканаллар, радиолар ҳам билан клиплар ва қўшиқларни тақдим этиш масаласида бир тўхтамга келиш вақти етиб келди. Бунақада “Ўзбекконцерт”нинг обрўси қоладими? Улар бир тарафдан клипларни чеклаб турсаю телеканаллар билганини қилаверса...
 
Дарвоқе, Жаҳонгир Отажоновнинг “Қадди баланд” клипини кўрдик, камчилик, маънавиятга зид ҳолат кўзга ташланмади. Клип эфирда намойиш этилмоқда. Хўш, бу клипнинг нимаси бадиий кенгаш аъзоларига ёқмади экан? Ё бу кенгашдагиларга “Мароқанд” гуруҳиникидек куракда турмайдиган қўшиқлар ва клиплар керакми?
 
“Ўзбекконцерт” ДМ хабарида айтилишича, хонандалар Бадиий Кенгаш аъзолари томонидан рад этилган видеоклиплардаги қўшиқ матни, мусиқаси, видеоклип дастури (сценарийси)нинг ғоявий-бадиий савиясига алоҳида эътибор қаратиб, камчиликларни бартараф этиб Бадиий Кенгашга қайта топширишлари мумкин.

Теглар:Ўзбекконцерт 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!