Энергия ресурслари билан боғлиқ ҳолатларни ўрганиш вақтида 430 дан зиёд қонунбузарлик аниқланган.
“Ўзбекэнерго”, “Ўзтрансгаз” компанияларининг кундалик тушум маълумотлари банкдан олинган маълумотлар билан таққосланмоқда. Ҳудудларга Бош прокурор ўринбосарлари ҳамда масъул ходимлар бириктирилди.
Энергоресурслар ҳисоб-китобларининг қонуний юритилиши устидан қатъий назорат ўрнатиш учун 423 нафар прокуратура ходими бириктирилди.
Электр энергиясидан қарздор бўлган 48 376 нафар, табиий газдан қарздор бўлган 22146 нафар истеъмолчи тармоқдан узилди. Бу ҳақда Мажбурий ижро бюроси директори Ботир Қудратхўжаев маълум қилди.
Энергия ресурслари билан боғлиқ ҳолатларни ўрганиш вақтида 430 дан зиёд қонунбузарлик аниқланган. Улар юзасидан 67 та жиноят иши, 365 та ҳолатда маъмурий иш қўзғатилди.
“Юнусободтумангаз” ва “Шайхонтоҳуртумангаз” корхоналари масъул шахсларининг масъулиятсизлиги сабаб 3,4 миллиард сўм қарздорлик вужудга келган. Бу камомадни қоплаш учун улар бу суммани аҳолига “юклаган”.
Қорақалпоқ ҳудудий электр тармоқлари корхонасининг Чимбой филиали масъул шахслари ўзлари учун жиноий схема ишлаб чиққан. Унга кўра, юзага келган 1 миллиард сўм қарздорлик 118 фуқарога “тақсимланган”. Уларни ундириш бўйича тегишли даъволар қўзғатилган. Лекин ижро ҳужжатлари ижроси таъминланмаган.
Истеъмол қилинган энергия ресурслари учун тўланган маблағларни талон-тарож қилишга оид 40 жиноят иши қўзғатилган бўлса, шундан 18 жиноий иш 20 назоратчига (электр бўйича – 5, газ бўйича – 15) тааллуқли. 13 ҳолатда қарздорликни йўқотиб бериш учун истеъмолчилардан ноқонуний равишда пул олинган.
Масалан, “Бухоротумангаз” филиали назоратчиларидан бири икки мижоздан 4,6 миллион сўм бўлган қарзларини “қоплаб” бериш учун 400 АҚШ доллари ва 2 миллион сўм олган. Уларга тўлов тўлангани ҳақида ноқонуний ҳужжат берган.
Мирзаобод тумани электр тармоқлари корхонаси ходими 1,2 миллион сўмлик қарзни “ёпиш” эвазига истеъмолчидан 700 минг сўм олган. Айтиш керакки, бу шахс ана шундай йўл билан 417 ноқонуний ҳолатга йўл қўйган ва давлатга 31,3 миллион сўм зарар етказган.
Яшнобод тумани электр тармоқлари корхонаси ходими қарздорликни сунъий равишда камайтириб бериш эвазига истеъмолчидан 200 АҚШ доллари олаётган пайтда қўлга олинди.
Хоразм ҳудудий электр тармоқлари корхонаси бош ҳисобчиси ўз жамоадошлари билан тил бириктириб, “Элсус” корхонасига қиймати 1,1 миллиард сўмлик трансформаторни 754,8 миллион сўмга пуллаган. Оқибатда давлатга 331,2 миллион сўм зарар келтирилган.