...
МЕНЮ
ONLINE TV

“Микрокредитбанк”да ёппасига ишдан бўшатиш акцияси бошланди...ми?


18:32, 23.07.2018 Жамият
 16 168

Ўсиш ўша ташкилотда ишлаётганларнинг лавозимидан озод этилиб, кўчага ҳайдалаши эвазига бўлиши керакми ёки улар билан янада бақамти ишлаб, тажрибани ошириш эвазигами?

2015 йилдан жорий йилнинг 4 июнига қадар  “Ўзсаноатқурилишбанк” акциядорлик-тижорат банки бошқарув раиси ўринбосари лавозимида ишлаган Отабек Алмардонов “Микрокредитбанк” акциядорлик-тижорат банки бошқаруви раиси этиб тайинланган эди.
 
“Микрокредитбанк” мамлакатда ўз обрў-эътиборига, кўп йиллик тажрибага эга “кармон”лардан бири ҳисобланади. Банк бугунгача кўплаб раҳбарлар қўлидан ўтди. Албатта, ҳар бир раҳбар ўзига ҳос иж тажрибаси, тизими билан келади. Курсининг савлатига яраша, амалий натижаси ҳам бўлиши керак. Шу боис ҳам одатда янги раҳбар, эскидан қолган тизимни қўпоришга, янги, самарадор услубларни қўллашга ҳаракат қилади. Бироқ бу ўсиш ўша ташкилотда ишлаётганларнинг лавозимидан озод этилиб, кўчага ҳайдалаши эвазига бўлиши керакми ёки улар билан янада бақамти ишлаб, тажрибани ошириш эвазигами?
 
Сайтимизга бундан бир неча кун аввал  “Микрокредитбанк”нинг айрим ходимлари ишдан бўшатилаётгани ҳақида мурожаат келиб тушганди. Бунга асос сифатида 13 йилдан буён Банк хавфсизлиги бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаб келаётган Мирзатилла Ҳасанов келтирилган. М.Ҳасановнинг нафақага чиқишига 1 йил қолганига қарамасдан, банк раҳбарияти уни кўчага қувган, тушунтириш бермаган.
 
Мазкур ҳолатга аввалига эътибор қилмадик. 2-3 боринг ана 10 нафар ходимнинг ишдан бўшатилиши банк маъмуриятининг қарори, дедик. Аммо ходимларга ёппасига огоҳлантириш бериб, ишдан бўшашга кўндириш, эътиборимизни тортмай қолмади.
 
Гап шундаки, “Микрокредитбанк” янги раиси Отабек Алмардоновнинг имзоси билан ходимларга огоҳлантириш хати берилган. Унда “Банк Бошқарувининг 2017 йил 16 июлдаги 65-1-сонли Қарорига мувофиқ банк ташкилий тузилмаси ва штатлар жадвалига ўзгартиришлар киритилганлиги сабабли, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат Кодексининг 100-моддаси 2-қисми 1-бандига асосан Сиз билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилиниши ҳақида огоҳлантираман”, деб гап бошланган.
 

 
Биз ушбу огоҳлантириш хатини таҳририятимизга йўллаган “Микрокредитбанк” ходими, эҳтимолдаги собиқ ходими билан телефон орқали боғландик.
 
“Ҳар сафар янги раҳбар ўзгарганда, ёки кадрлар бўлимида қандайдир ўзгариш рўй берганда, юрак ҳовучлаб турамиз. Бу сафар нишонда ким экан, деган ҳадик бўлади. Иш топиш қийин эмас. Яхши ходимга ҳамиша талаб бўлади. Бироқ, жамоа, иш шароити, иш манзили каби сабаблар кишини қадрдон ишхонасига боғлаб туради. Лоақал имкон бермай, тўғридан тўғри огоҳлантиришга имзо қўйдириб олингани, сен бизга кераксизсан дейишдан бошқа нарса эмас. Айтингчи, ишдан бўшатилишингиз ҳақида огоҳлантириш олгач, ишга муҳаббат ва қизиқиш қоладими?”, дейди ўзини таништиришни истамаган суҳбатдошимиз.
 
Суҳбатга “Микрокредитбанк”нинг яна бир ходими қўшилди. Унинг маълум қилишича, Отабек Алмардонов илк иш бошлаган кунида, ходимлар билан танишиб, уч нафар ўринбосари, департамент директорлари, бошқарма бошлиқлари ва мустақил бўлим бошлиқларидан ишдан бўшаш ҳақида санасиз ариза олган. Ва ходимлардан ушбу аризалар ёзилган ручкалар ҳам йиғиб олинган. Гўё янги раис банк фаолиятини ривожланитириш эмас, ёппасига ишдан ҳайдаш учун лавозимга келгандек.
 
Бу ҳолат бизни анча ўйлантириб қўйди. Биринчи ҳолат, яъни огоҳлантириш бериш масаласига тўхталсак, бану бу ўринда қонунан хатога йўл қўймаган. Кодексда келтирилганидек, технологиядаги, ишлаб чиқариш ва меҳнатни ташкил этишдаги ўзгаришлар, ходимлар сони (штати) ёки иш хусусиятининг ўзгаришига олиб келган ишлар ҳажмининг қисқарганлиги ёхуд корхонанинг тугатилгани меҳнат шартномасини бекор қилишга сабаб бўлади. Бироқ, ҳар янги раҳбар ўзгарганда, янги тизим қўлланилаверса, ходимлар иссиқ ўрнини тарк этса, “шунчаки сиз бизга тўғри келмаяпсиз” деган важ билан кўчада қолдирилса... Ҳақиқий раҳбар аслида бўшатиш, кўчага улоқтириш ўрнига уларга ўзини кўрсатишига, тажрибасини оширишга, янги раҳбар иш услубига ўрганишига вақт ва имкон бериши керак эмасми? Тамом, кетди ҳам дейлик. Янгиси дарров ўша раҳбарнинг услубига ўрнашади, тили-тилига тушади, деб ким кафолат беради?
 
Банк, солиқ идоралари ва шунга ўхшаш доим мижозлар билан ишловчи ташкилотлар одамлар ишончига киришида йиллар керак бўлади. Бу ишонч ташкилотдаги ходимлар орқали топилиши ҳам бор гап. Банк раҳбарияти эса тўрт-бешта ишбилмас, деб тасаввур қилаётган ходимлари қаторида ишончни бой бериб қўймасмикин...

Теглар:Микрокредитбанк 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

qalampir.uz сайтини баҳоланг!

Барча сўровлар