“GM Uzbekistan” қўшма корхонасида ишлаб чиқарилган турли русумдаги транспорт воситаларини олиб беришни ваъда қилган.
Судланувчи М.Умурзақов Марғилон ва Фарғона шаҳар ҳудудида “Машҳур ҳожи” номи билан танилган. У 2013-2014 йилларда ўзгаларнинг маблағини фирибгарлик йўли билан қўлга киритиш мақсадида бошқа шахслар билан олдиндан тил бириктириб, жабрланувчиларнинг ишончига кириш мақсадида автомашина савдоси бўйича сохта шартномалар тайёрлаган. Мазкур шартномаларни сохта эканлигини била туриб, айрим жабрланувчиларга тақдим этиб, фойдаланиб, шартнома асосида уларга “GM Uzbekistan” қўшма корхонасида ишлаб чиқарилган турли русумдаги транспорт воситаларини олиб беришни ваъда қилган. Уларни алдаб, айрим жабрланувчиларнинг анча миқдорга, айримларининг кўп миқдорга, баъзиларини эса жуда кўп миқдорга тенг қийматдаги АҚШ долларини қўлга киритган.
Жумладан, 2013 йил март ойида Ш.Қодировга Damas русумли транспорт воситаси олиб беришга ваъда бериб, алдаб, уни 10 минг 500 АҚШ долларини фирибгарлик йўли билан қўлга киритган. Э.Эргашев билан олдиндан тил бириктириб, 2013 йил ноябрь ойидан 2014 йил январь ойига қадар Э.Эргашев орқали И.Ҳасановга уч дона Nexia-2 русумли транспорт воситаси олиб беришга ваъда бериб, унинг 40 000 АҚШ долларини фирибгарлик йўли билан қўлга киритиб, алдаб келган. Бу каби алданганларни рўйхатини жуда кўп келтириш мумкин. Ҳалол ишлаб, пул йиғиб, янги машина миниш истагида бўлган 50 дан зиёд фуқаролар ана шу фирибгарнинг тузоғига илинди. 2014 йилда М.Умрзоқовга нисбатан қидирув эълон қилинган бўлиб, унга қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.
Жиноят ишлари бўйича Марғилон шаҳар суди томонидан мазкур жиноят иши кўриб чиқилди. Судланувчи М.Умурзақовга узил-кесил тўққиз йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Шу билан бирга жиноят орқасида жабрланувчиларга етказилган моддий зарар миқдори ҳукм эълон қилинган кунда 1 АҚШ долларининг сўмга нисбатан қийматидан келиб чиқиб, ундириш белгиланди.