...
МЕНЮ
ONLINE TV

“Мақом”чиларнинг бу йилга концертида ҳам эстрадачилар қатнашди. Яна кўзбўямачиликми?


13:29, 14.12.2017 Шоу-бизнес
 10 536

Ташкилотчилар, хусусан бундай концертларга бош-қош бўлган Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ўтган йилдаги мақола, унда келтирилган асосли танқидлардан хулоса чиқарганмиди? Бизнингча, йўқ!

2016 йил “Qalampir.uz” интернет нашри орқали “Мақом куйлаш эстрадачиларга қолдими?” номли мақолани чоп этган эдик. Ушбу мақолада ўтган йилнинг 14 декабрь куни “Истиқлол” санъат саройида Ёшлар маданият ва санъат маркази ташаббуси билан ўтказилган “Кексалар эъзозда” номли мақом ансамбли концерт дастури ҳақида сўз борган эди. Ўшанда муаллиф мақом ижрочилари концерт дастурида эстрадачилар қўшиқ куйлагани, мақомнинг асл усталари қолиб, ҳаваскорлар саҳнага чиққанини танқид қилган эди. Хўш, ташкилотчилар, хусусан бундай концертларга бош-қош бўлган Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ўтган йилдаги мақола, унда келтирилган асосли танқидлардан хулоса чиқарганмиди? Бизнингча, йўқ! Бундай дейишимизга ҳам асосли сабабларимиз бор.
 
Журналист Ҳусан Эрматов ижтимоий тармоқлардаги шахсий саҳифасида 13 декабрь куни “Истиқлол” санъат саройида бўлиб ўтган “Мақом кечаси” концерт дастурида меҳмон бўлганини айтади ва биз ўтган йили ўртага ташлаган масала ҳақида шундай ёзади.
 
“Мақом” ансамблининг концертидан кейинги ўйлар...
 
Ҳусан Эрматов, журналист:
 
— “Истиқлол” саройида “Мақом” ансамбли концерт берди. Концерт Президентнинг соҳа ривожига оид Фармонини эътироф этиш билан бошланди. Аммо...
 
Менимча, энг аввало буни “Мақом” ансамблининг концерти деб бўлмайди. Мақом билан мақом бўлмаган санъатни фарқлай биладиганлар залда ҳам кўпчилик эди. Шу боис аксарият бу тадбирга ҳақиқий мақом тинглаб кетамиз, деб келганларнинг кайфиятлари аъло бўлди, дейиш қийин.
 
Ансамблдаги ёшларнинг ўзгача ижроларидан кўнгил тўлди. Машрабнинг “Дерлар” радифли ғазали билан “Катта ашула” куйлаган қизимиз ижронинг авж пардаларига келганида уни бутун зал олқишлагани шундан. Жамоавий айтилган ашулалар ҳам яхши ишланган. Абдуҳошим Исмоилов ҳам ўз ўрнида... Концертдан дам олиб чиқдик. Мен унинг тафсилотларини тугал айтиш ниятида эмасман.
 
Масаланинг бошқа, мулоҳазали томонига эътибор қаратишни истар эдим.
 
Биринчидан, ўзбек санъатида мақом жуда бой жабҳа, шу боис мақом учун келган шинавандага бошқа жанр ва мақомга эга бўлган ашулаларни қўшмасдан чиройли санъат намойиш қилиш жоиз эди, деб ўйладим. Мисол учун менга бу санъатга ҳам, бу ансамблга ҳам алоқаси бўлмаган санъаткорларнинг дастурга қўшилгани умуман маъқул келмади. (Таҳририят: Концертда Ўзбекистон халқ артистлари Ғуломжон Ёқубов, Фаррух Зокиров, Шерали Жўраев, Зулайҳо Бойхонова иштирок этишган.) Бу мақом кечаси эмас, аралаш ижро кечаси бўлди, назаримда.
 
Иккинчидан, мақом санъати концерт дастурларида фонограмманинг қўлланиши ноўрин деб ўйлайман. Буни инкор этмасалар керак. Яхши тушунаман, бу дастур телевидениега ёзиб олинди, аммо телевидение қаршисидаги томошабин ҳам жонли айтилган ашуладан кўпроқ завқ олади, шуни олқишлайди. Қолаверса, мақом айтадиган санъаткорга ярашмайди ҳам.
 
Учинчидан, ўзбек ашулачилигида учта мукаммал мактабимиз, йўлимиз бор: Тошкент-Фарғона, Хоразм ва Самарқанд-Бухоро йўллари. Ва ҳар бир йўлнинг устун мақомидаги ашулалари ҳам бор. Буни санъатни яхши тушунадиганлар мендан ҳам яхши билишади. Назаримда, бир-иккита ашулани айтмаса, бундайин устун даражадаги санъат намуналарига ўрин берилмади. Тошкент-Фарғона йўлидаги юракка етиб борувчанлик, Хоразм санъат йўлидаги жўшқинлик, темп, Самарқанд-Бухоро йўлидаги мукаммал маҳорат соҳиби бўлишни талаб этувчи санъат намуналарини жуда соғинганмиз ахир..!
 
Тўртинчидан, мулоҳазага ундаган жиҳати – ҳурматли ансамбль раҳбарлари мақом ансамбли бутун ўзбек санъатининг намойиши бўлиши зарурлигини унутишган кўринишади. Йўқса, дастурнинг 90-95 фоизи бир санъат йўлига мансуб бўлиб қолмас эди. “Самарқанд ушшоғи”, Хоразм суворалари ёки Дугоҳими, Сегоҳи бу дастурга шак-шубҳасиз безак берар эди. Ваҳолангки, Феруз-2 дан бошқа хоразмча биронта ашулага ўрин берилмади.
 
 Магарки, дастур бой ва мукаммал чиқишини истар эканмиз, бундан кейинги концертларга Фарҳод Давлетов деганини ҳам чақирайлик, бир шинаванда ҳақиқий санъатдан баҳраманд бўлсин, яхши умид билан келган мухлисга Раҳматжон ҳофиздан биттагина “Сувора” эшитишга ижозат берайлик, майли, улар бизга ёқса-ёқмаса, Насиба Сатторова ёки Марям Сатторова деганлариниям чақираверайлик, раҳмат эшитамиз!
 
Бешинчидан, бизнинг мақом санъатига умрини бағишлаб, уни бойитиб кетган улкан санъат дарғаларимизнинг мерослари қайда қолди? Орифхон Ҳотамов яратган мумтоз санъат намуналари мақомга қадам қўйганки, ҳар бир ёш учун бир имтиҳондай гап. Буни миллионлаб мухлислар балким билишмас... Аммо аммо саҳнадагилар яхши биладиларку, ахир! Шуларни ўйлаб, Орифхон Ҳотамов меросидан фойдаланмай туриб, тайёрланган мақом кечасини қабул қилиш қийин бўлди. Ҳожихон Болтаевдан нега бир чимдим намуна ижро йўқ? Комилжон Отаниёзовнинг умри боқий бўлиб кетган биронта қўшиғи дастурга сиғмаганига ҳам ажабланмасдан илож йўқ. Мен Самарқанд-Бухоро йўналишидаги оғир ашулаларни айтмадим...
 
Олтинчидан ва энг муҳими, биз келажак авлодга чалакам- чатти мақомни эмас, мукаммал, тўлиқ, баравж куйланадиган, юракларни сел қилиб, дилларни мафтун этадиган мақомни қолдиришимиз керак. Одамлар мақомни тинглайдилар. Қачонки, у соф ва мукаммал бўлса, ёшлар ҳам мумтоз санъатимизга албатта иштиёқ билан қарайди, аммо у кўриши керак - бу санъатнинг ҳақиқий рангларини, баҳраманд бўлиши керак - унинг инсонни озиқлантирувчи сеҳридан, ҳис этиши керак - бетакрор жозибасини...
 
Президент Фармонидан муддао ҳам шу эмасми?
 
Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ташаббуси билан ўтказилаётган мақом концерт дастурининг навбатдагиси ҳам зиёли, мусиқанинг, асл санъатнинг фарқига борган томошабинларнинг танқидига сабаб бўлмоқда. Демак, дўппини бир четга олиб ўйлаб кўриш, фақат фармон ижроси учун эмас, ҳақиқатан мақомни сақлаб қолиш учун ҳаракат қилиш, тажрибали мутахассисларни жалб қилиш вақти келгандир. Халқ кимни эшитгиси келаётганини баҳолаш мезонини аллақачон ишлаб чиқиш вақти келди. Зулайҳо Бойхоновани истасак интернет, истасак радиодан, вақти-вақти билан телевидениедан эшитамиз.Ғуломжон Ёқубов, Фаррух Зокиров, Шерали Жўраевни ҳам... Бироқ Марям Сатторова, Насиба Сатторованичи? Уларни тингловчи қаердан қидирсин, зотан ўз йўналишига доир концертда чиқиш қилмаса...
 

Теглар:Мақом санъати Мақом концерти 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!