Корхоналар умумий сонининг 19 фоизи фаолият юритмагани аниқланган.
Шу билан бирга, фармацевтика тармоғидаги ишларнинг мавжуд ҳолатини ўрганиш тиббиёт муассасалари ва аҳолининг дори воситалари, тиббиёт буюмлари билан таъминланиши устидан тизимли мониторинг ва назорат, давлат соғлиқни сақлаш муассасаларида тиббиёт техникаси ҳолатининг лозим даражадаги ҳисоби ва таҳлили мавжуд эмаслигини кўрсатмоқда.
Тармоқдаги маҳаллий корхоналар юқори сифатли ва рақобатбардош фармацевтика маҳсулотларига бўлган эҳтиёжни қондириш имконига эга эмаслиги сабаб фаолияти қайта кўриб чиқилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан жорий йилнинг 7 ноябрь куни “Фармацевтика тармоғини бошқариш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.
Ушбу фармонга асосан, Ўзфармсаноат” ДАК аъзоларининг концерн мулки ва бошқа товар-моддий бойликларини Агентликка ўтказиш орқали ДАК тугатилди.
Агентликка қуйидаги ҳуқуқлар берилди:
давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг мамлакат фармацевтика тармоғини ривожлантиришни назарда тутувчи комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш масалалари бўйича ишини мувофиқлаштириш;
Агентлик ваколатига тааллуқли бўлган масалалар бўйича давлат органлари ва бошқа ташкилотлардан ҳужжатлар, статистик маълумотлар, ҳисоботлар, таҳлилий материаллар, хулосалар ва бошқа ахборотларни сўраш ва олиш;
дори воситалари, тиббиёт буюмлари ва тиббиёт техникаларини, шу жумладан чет элдан импорт қилинаётганларини ўрнатилган тартибда давлат рўйхатидан ўтказиш ва сертификатлаш;
Агентлик зиммасига юклатилган вазифаларни бажариш доирасида давлат органлари ва ташкилотлари, нодавлат ташкилотлар, етакчи лойиҳа институтлари, илмий-таълим муассасалари, шунингдек, халқаро ташкилотлар, чет эл компанияларининг юқори малакали ходимларини ва мутахассисларни жалб қилиш;
фармацевтика тармоғини ривожлантириш масалалари бўйича хорижий давлатларнинг ваколатли органлари билан тўғридан-тўғри маълумот алмашиш;
фармацевтика тармоғининг эркин иқтисодий зоналарини ташкил этиш ва фаолиятини янада такомиллаштириш, шунингдек, уларни бошқариш масалаларини келишиш;
белгиланган тартибда ноширлик фаолиятини амалга ошириш, ахборот материаллари, даврий нашрлар ва бошқа босма маҳсулотларни чиқариш ҳамда тарқатиш;
фармацевтика корхоналарини GMP қоидаларига мувофиқлиги юзасидан сертификациядан ўтказиш;
фармацевтика тармоғи мутахассисларининг малакасини ошириш белгиланган.
Маълумот учун, “Ўзфармсаноат” давлат акциядорлик концерни таркибига кирувчи корхоналар умумий сонининг 19 фоизи фаолият юритмаган, 30 фоизининг ишлаб чиқариш фаолияти тайёр маҳсулотни қадоқлаш, ўраш ва ёрлиқ ёпиштириш билан чегаралангани аниқланган.
Ҳозирги вақтда дори ишлаб чиқариш учун импорт қилинаётган хом ашё умумий сонининг 23,4 фоизи тайёр маҳсулот ҳисобланиши маълум қилинган.