“Эътироф” мукофоти топширилишига 1 ой қолди. Ўтган йилдаги хатолар бу йил ҳам такрорланадими?
Ўзбекистон Респбликаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, Ёшлар маданият ва санъат маркази ташаббуси билан ўтказилиб келинаётган “Эътироф” тақдирлаш маросимида ўтган йили номинациялар сони бир мунча ортиб, жами 26 тани ташкил этганди.
Тақдирлаш маросими бўлиб ўтишига бир ой вақт қолган бўлса-да овоз бериш жараёнлари ҳалигача бошлангани йўқ. Тўғри, ўтган йилларда мукофот ижодий жамоаси анча “ёш” эди. Шу сабаб минглаб, миллионлаб томошабин ва тингловчиларнинг фикрини қамраб олишнинг имкони бўлмади. Бироқ ахборот технологиялари ривожланган бир даврда наҳот SMS орқали овоз беришни йўлга қўйишнинг ҳалигача имкони бўлмаса? “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмасининг www.uzbeknavo.uz расмий сайтида фақатгина “Йилнинг энг яхши эстрада хонандаси” номинацияси номзодларига овоз бериш мумкин, холос.
Улар тавсия қилган рўйҳатни ҳам холисона тузилган деб бўлмайди. Рўйҳатдан ўрин олган хонандалар Муниса Ризаева ва Улуғбек Раҳматуллаев “Эътироф-2014” мукофотини олган эди-ку. Абдурашид Йўлдошевчи? У бу йилги ижоди билан “Эътироф”ни олишга лойиқмикин? Улар орасида Шаҳзода ва Алишер Файз энг тўғри номзодлар, бизнингча. Хўш бошқа санъаткорлар нега “Ўзбекнаво”нинг рўйҳатидан ўрин олмади? Бу йил Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Зиёда, “Ниҳол” мукофоти совриндори Манзура, хонандалар Сардор Мамадалиев, Шоҳруххон “Эътироф”га лойиқ ижод қилишган эди-ку. Томошабин ва тингловчилар овоз бермаса “Эътироф” мукофотини топшириш, лойиқларни аниқлаб олиш қай йўсинда амалга оширилади? Ё ташкилотчилар маросимга 15 кун қолганда хўжакўрсинга овоз йиғишни бошлашармикин?
Икки йилдирки мукофот ташкилотчилар танлаган одамларга топширилади. Мухлислар умуман бошқа одамни кутган бўлсачи? Танловнинг холислиги қаерда қолди? (!) Ё ўтган йили кўпгина томошабинларга етиб боришга ҳам улгурмаган “Геолог” фильми “Йилнинг энг яхши фильми” деб эътироф этилишини мухлислар истаганмиди? Асал Шодиева эса кинодан буткул узулганида “Йилнинг энг яхши актрисаси” сифатида тан олингани ҳам кўпчиликка эриш туюлганди. Фикримизча, номзодлар орасида бу мукофотга “Гумроҳлар” фильмидаги роли билан актриса Жамила Ғофурова лойиқ эди. “Шарқ” гуруҳининг тўй-ҳашамлардан ортмай бирдан “Эътироф” олиши эса ҳақиқий фантастика бўлди десак муболаға бўлмас. Аслида номзодлар орасида “Афруз” ва “Уммон” гуруҳлари турганда “Шарқ” рўйҳатга шунчаки тўлдирувчи сифатида қўшилган шекилли, деган фикрлар ҳам йўқ эмасди. “Номи улуғ, супраси қуруқ” деганларидек “Шарқ” вокал чолғу ансамбли номи билан таниш бўлса-да бирор қўшиғи орқали “Йилнинг энг фаол гуруҳи” номинациясини қўлга киритиши, етти ухлаб тушингизга кирмаган бўлса керак.
Мукофот ҳақида сўз кетганда яна бир нарсани унутмаслик керак. Улуғбек Раҳматуллаев ва Муниса Ризаева ўз-ўзидан “Йилнинг энг яхши хонандаси” бўлгани йўқ, тўғрими? Демак, бунинг ортида қайсидир шоир ва бастакорнинг меҳнати ётибди. Улуғбек Раҳматуллаев ва Муниса Ризаева Жасур Бадалбоев ёки Элдор Қаюмов ёзган қўшиқларни айтиб “Йилнинг энг яхши хонандаси” дея эътироф этилсаю “Йилнинг энг яхши бастакори” деб Мусахон Нурматов тан олинса, буни қайси мезонлар билан ўлчаш мумкин, ахир? Ҳар ҳолда Муниса Ризаева ва Улуғбек Раҳматуллаевни савлатига эмас айтган қўшиғига қараб мукофотлашган-ку. Шунга яраша йил бастакори ҳам уларга қўшиқ ёзадиган бастакор ёки жуда бўлмаганда уларнинг йўналишида ижод қиладиган ижодкор бўлиши керакмасми?
Айтаман десанг, хато ва камчиликлар жуда кўп. “Эътироф” ташкилотчилари эса ютуқларга сармаст бўлавермай, яратиб берилган шарт-шароитлардан тўғри фойдаланиб, мавжуд камчиликларнинг ўрнини тўлдириш ҳақида бош қотирсалар нур устига аъло нур бўларди. Кўрамиз, бу йилги маросим ўтган йилдагилардан фарқ қилармикан? Сизнингча, “Эътироф-2015” мукофотига кимлар лойиқ? Ўз фикрларингиз изоҳда қодиринг.
Суратлар муалифи: Шерзод Икрамутдинов / www.afisha.uz