“Imzo” брендининг реклама роликлари Ўзбекистон бозорида фаолият юритаётган бошқа рақобатчи компанияларнинг ҳам ғашига тегишга улгурди. Хусусан, “Ekopen” компанияси бу рекламаларни носоғлом рағобат муҳити, деб баҳоламоқда.
“AKFA” компанияси Ўзбекистон бозорида бир неча йиллардан буён фаолият юритиб келаётган корхоналардан бири саналади. Компания фаолиятининг галдаги босиқичини “Imzo” бренди остида давом эттираётганидан кўпчиликнинг хабари бор. Янги бренднинг реклама роликлари аллақачон халқ тилига тушиб, унда ишлатилган сўзлар иборалар сингари қўлланила бошланганига кўп бўлмади. “Маҳсулот рекламаси бир кўришда оддийдек туюлса-да, унда бошқа маҳсулотларнинг сифатига нисбатан шубҳа уйғотишга қаратилган онг остига таъсир этувчи пиардан фойдаланилган”. Бу бизнинг эмас, аксинча, томошабинлар, кўп сонли кичик бизнес субъектларининг фикри.
“Imzo” брендининг реклама роликлари Ўзбекистон бозорида фаолият юритаётган бошқа рақобатчи компанияларнинг ҳам ғашига тегишга улгурди. Хусусан, ПВХ профиллари ишлаб чиқаришда ўз ўрнига эга бўлган “EKOPEN” компанияси расмий сайти орқали “AKFA” компаниясига очиқ хат йўллади. Компания сайтида чоп этилган эътирозли мазкур мурожаатни эътиборингизга ҳавола этамиз.
“EKOPEN” ҚК МЧЖдан “AKFA”
компаниясига очиқ хат
“EKOPEN” МЧЖ ҚК ПВХ профиллари ишлаб чиқариш бозоридаги кўп йиллик ўзаро муваффақиятли фаолияти учун сизга ўз ҳурмати ва миннатдорчилигини билдиради. Бизнинг фикримизча, компанияларимиз орасидаги узоқ муддатли профессионал ва соғлом рақобат туфайли, бизнинг юртдошларимиз “Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган” белгиси остида юқори сифатли маҳсулот ва хизматлардан фойдалана олиш имконига эга бўлишди.
Биз “AKFA” компаниясининг ривожланишида янги йўналиш касб этган, ПВХ ойна ва эшиклар бозорига кириб келган “Imzo” брендига ижобий баҳо берамиз. Умид қиламизки, бу ўзгаришлар кейинчалик маҳсулот сифатининг янада яхшиланишига ва ҳаммабоп нархда сотилишига, рақобатнинг ошишига ўз ҳиссасини қўшади.
Шу ўринда, биз янги бренд ишлаб чиқиш ва ривожланиш концепциясидаги иккита муҳим салбий жиҳатдан ҳавотирда эканлигимизни таъкидламоқчимиз.
Биринчидан, янги бренднинг турли хил ОАВда ўтказилаётган реклама кампаниялари очиқдан-очиқчасига агрессив тарзда рақобатдошларнинг маҳсулотларини таҳқирлаш ва ерга уришга йўналтирилганлиги ачинарлидир. Бу ҳолат барчамизга таниш бўлган профессионал этика ва одоб-аҳлоқ қоидаларига зид деб ҳисоблаймиз. Бизнинг фикримизча, бу каби ҳаракатлар истеъмолчиларнинг ғашига тегади ва шу бозордаги барча қатнашчиларнинг профессионал сифатларига бўлган ишончига сезиларли путур етказади. Шуни инобатга олган ҳолда, биз барча ҳамкорларимиздан ўз маҳсулотларини таништириш ва кенг оммага тақдим этиш сиёсатини чуқур ўйлаб чиқишни ва босиқлик билан иш юритишни сўраб қоламиз.
Иккинчидан, “Imzo” бренди узоқ йиллардан бери самарали фаолият юритаётган ПВХ ойна ва эшиклар ишлаб чиқарувчи кичик ва ўрта ҳажмдаги корхоналарнинг янги фабрика концепциясидаги иштирокини кескин қисқартиришни амалга оширишини шубҳали деб ҳисоблаймиз. Шу ўринда, хусусий кичик бизнес компаниянгиз томонидан тенг ҳақ-ҳуқуқли ҳамкор сифатида баҳоланмаятганлиги ташвишли ҳолат эканлигини айтиб ўтишимиз зарур.
Ҳаммамизга маълумки, Ўзбекистондаги иқтисодий ислоҳотларнинг бош мақсади ва мазмуни ҳуқуқий демократик давлат, фуқаролик жамиятини қуриш ва кучли ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиётини йўлга қўйишдир. Давлатимиз раҳбарияти томонидан аҳолининг кенг қисмини тадбиркорлик фаолиятига жалб қилишга, янги иш ўринларини яратишга ва юртдошларимизнинг бандлигини оширишга, рақобат ривожланиши учун керакли шароитлар яратилишига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Кўрилган чора-тадбирлар туфайли, бугунги кунда мамлакатимизда, кичик бизнес соҳасида банд аҳолининг 77 фоизи фаолият юритади ва у ЯИМнинг 56,7 фоизини ташкил этади.
ПВХ ойна ва эшиклар ишлаб чиқариш бозори кўрсаткичларига юзлансак, бугунги кунда ушбу соҳада бир неча минг цехлар рўйхатдан ўтган ва уларнинг ҳар бирида ўртача ҳисобда 10 та ишчи фаолият юритади. Юқорида келтирилган салбий қарорлар натижасида кичик цехлар касодга учраб, бир неча ўн минглаб ходимлар иш жойларидан айрилиши муқаррардир. Ишсиз қолганларнинг оила аъзоларини ҳисобга олсак, бу ҳолатнинг умумлаштирилган таъсири бир неча юз минглаб инсонларнинг тақдирида ўта салбий акс этади.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, “EKOPEN” компанияси масъулиятни тўлиқ ўз бўйнига олган ҳолда, қуйидагиларни маълум қилади:
- бундан кейин ҳам ПВХ ойна ва эшиклар ишлаб чиқарувчи кичик ва ўрта корхоналар билан ҳар томонлама ҳамкорликни давом эттиради ва қўллаб қувватлайди;
- ҳар турдаги провокацияларга эътибор қаратмайди, “ахборот урушларида” қатнашмайди ва инсофсиз усуллар билан ўз маҳсулотларини бозорда тарғиб этмайди;
- бозор иқтисодиётининг асосий тамойилларидан бўлган бир соҳадаги рақобатчиларга тўлиқ ҳурмат билдирган ҳолда, фаолият юритишга риоя этади;
- “ғурур” ва “ор-номус” тушунчаларига иш жараёнимизда ҳар доим алоҳида урғу берилади.
Умумий соҳамизнинг барча иштирокчиларини айнан ўхшаш ҳаракатларга чорлаймиз. ПВХ ойна ва эшиклар ишлаб чиқариш бозорини барқарор ривожланишини таъминлаш, давлатимизнинг иқтисодий равнақ топиши мақсадида, миллий анъаналаримизга хос бўлган ижтимоий масъулиятни ҳис қилган ҳолда, адолатли тадбиркорлик фаолиятини юритиш – энг маъқул ечим деб ҳисоблаймиз.
P.S.: Ўйламизки, “EKOPEN” компаниясининг “Imzo”чиларга билдирган эътирози жавобсиз қолмайди. Биз “Imzo” компаниясига қўнғироқ қилиб, мазкур масала юзасидан масъулларнинг фикрини олишга ҳаракат қилдик. Гўшакни кўтарган ходима кейинроқ биз билан боғланишларини маълум қилди.