Шавкат Мирзиёев ва Нурсултон Назарбоев ўртасида телефон мулоқоти бўлиб ўтди.
Президентлар сиёсий, савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникация, илмий-техник, маданий-гуманитар ва бошқа соҳаларда ўзаро манфаатли ҳамкорлик фаоллашганини мамнуният билан қайд этдилар.
Томонлар яқин йилларда қулай шароитлар яратиш, бизнес субъектлари ўртасида бевосита ва узоқ муддатли шериклик алоқаларини ўрнатишга кўмаклашиш, транспорт-коммуникация ва транзит салоҳиятини ошириш ҳисобидан ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини 5 миллиард долларга етказиш ҳақидаги мўлжални тасдиқладилар.
Давлат раҳбарлари Ўзбекистон ва Қозоғистон қардош халқларимизнинг вақт синовидан ўтган ўзаро муносабатларига амал қилган ҳолда, бундан буён ҳам мамлакатларимиз барқарор иқтисодий тараққиётини таъминлашга қаратилган қўшма дастур ва лойиҳаларни амалга оширишни қўллаб-қувватлашини қайд этдилар.
Томонлар минтақавий ва халқаро сиёсатга оид айрим масалалар юзасидан ҳам фикр алмашдилар.
Суҳбат Ўзбекистон – Қозоғистон муносабатларига хос самимий ва дўстона, ўзаро англашув ва ҳурмат руҳида ўтди.