Мадриднинг “Реал” жамоаси раҳбарияти клуб бош мураббийи лавозимига Зайниддин Зиданни кўришмоқчи.
Рафаель Бенитесга нисбатан норозиликлар “Реал”нинг “Барселона”дан 0:4 ҳисобида мағлубиятга учраганидан кейин бошланган эди. Лекин ўшанда клуб президенти Флорентино Перес Бенитесни қўллаб-қувватлаб чиққан эди. Бироқ сўнгги мағлубият амалдаги мураббийнинг клубдаги фаолиятига нуқта қўймоқда. Жамоа сўнгги 15 ўйинда 15 очко йўқотиб қўйди. Шунингдек, охирги учрашувларда “Реал” жуда кам гол урмоқда.
Вазият “Реал”нинг Испания кубоги баҳсларидан четлатилиши натижасида янада оғирлашиб қолди. Бунга жамоа ярим ҳимоячиси Денис Черишевнинг кубок доирасидаги ўйинда майдонга тушиши сабаб бўлган. Чунки бу футболчи дисквалификацияси эвазига ўйинда қатнашиш ҳуқуқига эга эмас эди. Бу бош мураббийнинг жиддий хатоси сифатида баҳоланди.
Ҳозирда “Реал” Испания чемпионатида учинчи ўринда бормоқда. У “Барселона” ва “Атлетико” жамоасидан беш очко орқада қолмоқда.
Зайниддин Зидан келаси йилнинг январидан бошлаб жамоа бошқарувини ўз қўлига олиши мумкин. Ҳозир эса франциялик афсона “Реал” жамоасининг иккинчи клубига мураббийлик қилмоқда.