“Uzbekistan Airports” акциядорлик жамияти ташкил этилди.
Фармонга мувофиқ, хўжалик жамиятларининг устав жамғармаларидаги давлат улушини ўтказиш йўли билан “Uzbekistan Airports” акциядорлик жамияти ташкил этилди.
Қуйидагилар “Uzbekistan Airports” АЖнинг асосий вазифалари этиб белгиланди:
- аэропортларни узоқ муддатли ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;
- аэропортлар инфратузилмасини такомиллаштириш учун, шу жумладан, аэропортларни бошқариш соҳасида давлат-хусусий шериклик ва етакчи халқаро компаниялар билан ҳамкорлик қилиш механизмларидан фойдаланган ҳолда инвестициялар жалб қилиш;
- авиаташувчилар йўловчиларига аэропортларда юқори даражада хизмат кўрсатилишини таъминлаш, улар учун зарур барча қулай шарт-шароитларни яратиш;
- аэропортлар тегишли хизматларининг самарали фаолиятини таъминлаш, йўловчилар, юклар, почта ва багажга хизмат кўрсатиш жараёнини мақбуллаштириш;
- аэродромларни парвозларга ўз вақтида ва сифатли тайёрлаш, парвозларнинг мунтазамлиги ва хавфсизлигини таъминлаш бўйича тадбирларни амалга ошириш, аэродромларни сақлаш ва таъмирлашнинг замонавий усулларини жорий этиш;
- ҳаво кемаларига ёқилғи қуйиш ва хизмат кўрсатиш учун фойдаланиладиган ёқилғи ва бошқа ёқилғи-мойлаш материалларини узлуксиз таъминлаш, шунингдек, уларнинг сифатини қатъий назорат қилиш;
- логистика соҳасида сифатли хизмат кўрсатиш учун инфратузилмани такомиллаштириш ва қулай шарт-шароитлар яратиш;
- аэропортларда савдо, овқатланиш, йўловчиларга банк ва бошқа хизматлар кўрсатувчи замонавий объектлар тармоғини, шу жумладан, давлат-хусусий шериклик шартлари асосида кенгайтириш.
Фармонда келтирилишича, Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси, Молия вазирлиги ва “Uzbekistan Airports” АЖ Жаҳон банки гуруҳини жалб қилган ҳолда:
2019 йил 1 апрелгача бўлган муддатда давлат-хусусий шериклик шартлари асосида лойиҳалар амалга ошириладиган аэропорт ёки аэропортлар гуруҳи аниқланиши;
2020 йил 1 январгача бўлган муддатда танланган аэропорт ёки аэропортлар гуруҳида давлат-хусусий шериклик шартлари асосида лойиҳаларни амалга ошириш учун танловлар ўтказилишини таъминлаши лозим.