Наталья Темирова Жиноят Кодексининг 167-моддаси 2-қисми “г” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Маълум қилишларича, Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан Тошкент юридик коллежи директори лавозимида хизмат қилган Наталья Темирова ва бошқа мансабдор шахсларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 167-моддаси 2-қисми “г” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирининг 2017 йил 12 сентябрдаги 250-ум-сонли буйруғига асосан Тошкент юридик коллежи ўқитувчиларининг мурожаати юзасидан хизмат текшируви ўтказилган эди.
Хизмат текшируви давомида Тошкент юридик коллежи фаолиятига умумий раҳбарликни амалга оширишда Наталья Темирова томонидан кадрларни ишга қабул қилишда қариндош-уруғчиликка йўл қўйилганлиги, ходимларни ишга қабул қилиш, ишда қолдиришда таъмагирлик ва қонунбузилишлар мавжудлиги, ходимларга нисбатан интизомий жазо чоралари асоссиз қўлланилганлиги, кадрлар қўнимсизлиги йилдан-йилга ошиб борганлиги, ўқув жараёнида ҳамда битирувчиларга диплом беришда қонунчилик талаблари бузилганлиги, иш юритиш ва ижро интизоми масаласига масъулиятсизлик билан ёндашилганлиги, топшириқ ва кўрсатмаларнинг тизимли равишда бажарилмаслиги ҳамда бошқа бир қатор қўпол хато ва камчиликларга йўл қўйилганлиги аниқланди.
Бундан ташқари, коллеж меҳнат жамоаси ўртасида гуруҳбозлик ва носоғлом муҳит шаклланганлиги, маънавий-тарбиявий ишларнинг ўз ҳолига ташлаб қўйилганлиги ва раҳбар ходимларнинг ўз хизмат вазифаларига масъулиятсизлик билан ёндашганлиги оқибатида 2017 йил 6 октябрь куни ўқувчилар томонидан коллеж ҳудудида оғир жиноят содир этилган.