Ёнғин келиб чиқишининг асл сабаблари бир неча кун ичида аниқланиши айтилмоқда
Ушбу ҳодиса юзасидан қўшимча маълумотларни олиш учун Тошкент шаҳар ИИББ Ёнғин хавфсизлиги бошқармаси билан боғландик.
Маълум қилишларича, 23 февраль куни соат 16:36 да, Тошкент шаҳар ИИББ ЁХБ Марказий диспетчерлик хизматига, Чилонзор тумани, Ц-мавзеси Чўпон Ота кўчаси 28-А уйда жойлашган, маъмурий бинода ёнғин бўлаётганлиги ҳақида хабар келиб тушган.
Орадан 10 дақиқа ўтгач, ўт ўчириш машиналари айтилган манзилга етиб борган.
Дастлаб, воқеа жойига Чилонзор тумани ёнғиндан муҳофаза қилувчи 16-ҲЁҲҚдан 2 та жанговар ёнғин ўчириш автоэкипажлари етиб борди. Ўшанда, бинонинг биринчи, иккинчи ҳамда учинчи қаватлари аланга ичида қолгани маълум бўлгач, ўт ўчирувчилар томонидан қўшимча куч чақиртирилган.
Соат 17:13 да воқеа жойига Чилонзор тумани ёнғиндан муҳофаза қилувчи 17-ҲЁҲҚдан 2 та, Яккасарой туманини ёнғиндан муҳофаза қилувчи 21-ҲЁХҚдан 2 та, Учтепа, Миробод ва Шайхонтоҳур туманларини ёнғиндан муҳофаза қилувчи 1,2,6 ва 13-ҲЁҲҚлардан биттадан ҳамда Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЁХББ РИОдан 2 та жанговар ёнғин ўчириш ва 3 та махсус автоэкипажлари келди”, дейди Тошкент шаҳар ИИББ Ёнғин хавфсизлик бошқармаси вакили.
Тошкент шаҳар ИИББ Ёнғин хавфсизлиги бошқармаси вакили берган маълумотга кўра, ёнғин чиққан бино “Қишлоқ қурилиш лойиҳа” Давлат унитар корхонаси ташкилотига қарашли бўлган бўлиб, 2006 йилда олди-сотди шартномаси асосида, бинонинг 1,2 ва 3-қаватлари “Hamza Collection” МЧЖ томонидан, 4-қаватини “ДИ-Ихлос” МЧЖ томонидан ҳамда 5-қавати Ўрмон хўжалиги лойиҳа институти томонидан сотиб олинган. Шунингдек, бинонинг шарқий қисмида Тошкент вилояти прокуратураси жойлашган.
“Кўрилган тезкор чора тадбирлар натижасида, ёнғин соат 18:06 да қуршаб олинган. 18:16 да оловни бутунлай ўчиришга муваффақ бўлдик.
Ёнғин оқибатида бинонинг дастлаб олов ичида қолган 1,2,3-қаватлари тўлиқлигича ёниб кетган. Бинонинг 4 ва 5-қаватларининг эса ташқи қисмлари қисман зарар кўрган.
Айни вақтда ёнғин сабабларини аниқлаш борасида қатор чора-тадбирлар кўрилмоқда. Икки кун ичида ёнғин сабабларини аниқлаш учун Тошкент шаҳрида жойлашган Х.Сулаймонова номидаги Суд-тиббий экспертизасига ёнғин чиққан жойдан намуналар тақдим этамиз. Улар ўз навбатида ёнган жисмларни ўрганиб чиқиб, ёнғин келтириб чиқариши мумкин бўлган ҳолатлар юзасидан таклиф беришади.
Эртага эса ёнғин содир бўлган бинодаги ишчилар, гувоҳлар билан суҳбат ўтказамиз ва шу орқали ёнғин чиқишининг тахминий сабабларини айтиш мумкин бўлади. Бироқ якуний хулосани экспертизадан сўнг чиқарилади. Шу билан бирга, ёнғин натижасида келтирилган моддий зарар миқдори аниқлаш ишлари олиб борилаяпти.
Энг қувонарлиси, ёнғин натижасида ҳеч ким нобуд бўлмаган. Бино аланга ичида қолган вақтда ўт ўчирувчилар томонидан ичкаридан 70 нафар ишчи-хизматчилар олиб чиқилган. Улар ичида жами 14 кишига ёнғин туфайли зарар етган ва ушбу фуқаролар Республика шошилинч тез тиббий ёрдам марказига етказилган.
Жумладан, 12 нафар тутундан заҳарланган фуқароларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатилган. 1 киши умуртқа поғонасининг лат ейиши оқибатида, яна 1 кишининг қўл териси йиртилиб кетгани сабабли марказнинг травматология бўлимига жойлаштирилган. Қўли лат еган беморга биринчи тиббий ёрдам кўрсатилиб, аҳволи яхшиланганидан сўнг уйига кетишга рухсат берилган.
Ушбу фуқароларнинг ҳар иккиси ҳам ёнғин содир бўлган маъмурий бинонинг ишчи-хизматчиларидир.
Ҳозирда уларнинг аҳволи қониқарли”, дейди Тошкент шаҳар ИИББ Ёнғин хавфсизлиги бошқармаси вакили “Qalampir.uz” сайти таҳририятига берган маълумотида.