Эътиборингизга Ўзбек миллий академик драма театри актёри, Ўзбекистон халқ артисти Ёдгор Саъдиев билан бўлиб ўтган суҳбатнинг тўлиқ шаклини тақдим этамиз.
Ўзбекистон халқ артисти Ёдгор Саъдиев билан суҳбатимиз ижод-ҳаёт, топишлар ва йўқотишлар, бардош ва таскин ҳақида бўлди. Хулосани эса ҳозирдан ҳукмингизга ҳавола этаман: Тасалли фақат суратларда ва набиралар кўзида яшамоқда.
Дарвоқе, актёр гап аввалини журналистлар ҳақидаги мулоҳазалари билан бошлади.
— Айрим журналистлардан ранжиганман. Айтганларимни умуман бошқача йўсинда чиқаришади. Менинг номимдан ўзинг ёзар экансан, мен билан интервью қилиб нима қиласан? Яқинда бир журналдан интервью беришимни сўраб келишди. Аввал ёзганларингни бир ўқиб чиқай, интервьюларингдан бер дедим. Ўқидим, ҳаммаси бир хил. Гўё, ҳамма бир хил гапиргандек. Мен уларнинг қаторига қўшилишни истамадим.
— Ўзбекистон халқ артисти Лутфулла Саъдуллаев қизи Муқаддасни турмушга берганда, турмуш ўртоғингиз Зайли опа билан бир столда ўтирган эдик. Ўшанда ҳамма таърифлаганидек, ҳақиқатан ҳам одамохун, хушчақчақ инсон эканликларига ўзим гувоҳ бўлганман. У кишининг вафот этганларини эшитиб, кўз ўнгимда ўшандаги кулиб турган сийратлари гавдаланди.
— Ҳеч қаерга Зайлисиз бормас эдим. Аямдан кейин ҳам дўстим, ҳам улфатим, ҳам сирдошим бўлиб қолганди. (ўйланиб) Душманимнинг бошига ҳам бу кунларни солмасин. Бир амаллаб сабр қилаяпман. Аммо асабим жуда таранглашиб қолган, баъзан кўпчиликка қаттиқ гапириб юбораман. Менимча, атрофимдаги одамлар мени тўғри тушунишади. Қўша қаригин, деган гап бекорга айтилмас экан. Доим Зайли мендан кейин ортимда қолсин дердим. Орамизда 10 ёш фарқ бор. Рафиқам бу дунёни мендан олдин тарк этишини ўйламаган ҳам эдим.
Кундан-кунга унинг менга бўлган меҳри, муҳаббати, садоқати жуда юқори даражада бўлганини сезиб бораяпман. Бу жуда оғир кулфат! Уни асраб қололмаганимга юрагим оғрийди. “Сени сақлаб қоламан, у ёққа олиб бораман, буёққа олиб бораман”, дердим, у ҳам ишонарди. Афсус, Яратган битган тақдир олдида бандаси ожиз экан. Аслида кучли одамман, шунинг учун ҳам бу дард мени синдириб қўймаслигига ҳаракат қиляпман. Театрда таътил бўлган кунлари ҳам ҳар куни эрталабдан ишга келдим. Одамлар таътилда театрда нима қилади, деб ўйласа керак... Уйда ўтиролмайман, қайси хонага кирсам, ортимдан юргандек бўлаверади.
Бундан бир неча йил илгари “Шайтанат”нинг 21-қисмини суратга олиб қўйгандик, монтаж қилинмаганди. Зайли “Шуни охирига етказинг”, деб ўзи ҳам кўрмай кетди. Ҳозир турмуш ўртоғимнинг шу илтимосини бажаряпман. Монтаж тугади, энди овозлаштириш ишларини ниҳоясига етказсак, унинг илтимосларидан бирини бажарган, руҳини шод қилган бўламан.
У бутун умр ўзини менга бахшида қилиб яшади, доим қўллаб-қувватлади. Сўнгги йилларда мен ҳақимда китоб ёзганди. Мен эса унга атаб бор-йўғи битта қўшиқ айтдим, холос (уйланиб). Кўп нарсага улгура олмадим. Биламан, у жуда бахтли аёл эди. Албатта, мен ҳам у билан бахтли эдим.
Ҳозир менга Зайли етишмаяпти, бу ҳол умримнинг охирига қадар давом этиши тайин. Ишонсангиз, ҳафтасига уч марта қабристонга бораман, шунда ҳам юрагим таскин топмайди. Ёнимда йўқлиги учун кўп ишга қўлим бормаяпти.
(Фотомухбир Бекзод Мирсодиқовга қараб)
— Кўзларинг чақнаб турибди. Уйланганмисан?
— Ҳа.
— Келин оқила бўлса, уни асра. Аёлларни эҳтиёт қилишимиз керак...
— Айни дамда нималардан тасалли топяпсиз?
— Тасалли йўқ, яхшиям иш бор экан... Энди Зайли учун ҳам яшашим, набираларнинг тўйини кўришим керак. Қизимнинг қизи Зайлининг ёшлигини эслатади. Уни кўрдим дегунча бироз таскин топаман. Набираларим жуда меҳрибон, шулар билан овунаман. Лекин ёлғиз қолсам, ўзимни қўярга жой тополмайман. “Мен узоқ яшайман, лекин шунда ҳам ортимда қолгин, сен 10 ёш кичкинасан”, деб кўп айтардим. Ҳамма нарса ўз вақти-соати билан бўлгани яхши экан.
Ҳаётим давомида нимага эришган бўлсам – аввало Яратганнинг инояти, сўнг аямнинг дуолари билан. Аям вафот этганларидан кейин Зайли суянчиқ бўлди, энг яқин маслакдошимга айланди. Ўзини эмас, мени аярди. 45 кун бетоб бўлиб ётган бўлса, бир марта дардини сездирмади. Қачон борсам кулиб, пардоз билан кутиб оларди. Вафот этган куни эрталаб шифохонага нонушта олиб бордим. “Соат 09:00да ишхонада бўлишим керак”, деб кетдим, кулиб кузатиб қолди. Кўнглим бўлмади, ортимга қайтиб “Зайли, кел бир ўпиб қўяй, бир марта қошингни учир”, дедим. Озгина ҳазиллашиб, кайфиятини кўтарганимдан кейин ишга кетдим. Соат 11:00га яқин шифохонадан қўнғироқ қилишди. — Тез етиб келинг, қон босимлари тушиб кетди. — Ўша маҳал Зайли оламдан ўтиб бўлган экан.
— Эшитишимча, турмуш ўртоғингизнинг вафотларидан кейин кўпроқ роль ўйнашга ҳаракат қилаётган экансиз.
— Ёшимиз улғайяпти, вақт эса жуда тез ўтиб кетяпти. Аввалари уч-тўрт йилда битта фильмга тушардим. Кўп роль ўйнашга ҳаракат қилаётганим тўғри, лекин принципларим ўзгаргани йўқ. Сценарий яхши бўлса, ёқса, рози бўламан. Ёқмаса, ўзимни зўрлаб ўйнолмайман.
— Балки, яхши фильмларни ўзингиз суратга оларсиз...
—Ўзбекистон халқ ёзувчиси Тоҳир Малик асари асосида 3-4 фильм устида иш бошлагандим, ҳатто, сценарийлари ҳам тайёр бўлганди. Улар ҳам ярим йўлда қолиб кетди. Ҳозир ўшаларни давом эттириш арафасида турибман. Тоҳир Малик билан қалин дўстмиз, кўп ҳолларда гапимиз бир жойдан чиқади. Ҳозир унга ўхшаган журъатли, имонли ёзувчи кам. “Мурдалар гапирмайди” асари маъқул келганди, шу асосида фильм қилиш ниятим бор.
— 70 ёшдасиз, кўп ишлайман, деб ўзингизни толиқтириб қўймайсизми?
— Бекорчидан Худо ҳам безор, ҳали режаларим жуда кўп. Ўзбек миллий академик драма театрида қўйилган “Имон” спектаклини Қорақалпоғистонда қўймоқчимиз. Спектакль бир вақтнинг ўзида ҳам қорақалпоқ, ҳам ўзбек тилларида бўлади. Мен ўзбекчада гапираман, у ердаги актёрлар эса ўз тилида роль ижро этади.
Қўшиқларим эса 25та бўлибди, яна янгиларини куйлаб, сўнг битта диск қилиб чиқаришни ўйлаб юрибман. Унда Зайлига аталган қўшиқ ҳам бўлади. Кейин клип олдирмоқчиман (кулиб). Бу клипда ҳозирги хонандаларнинг тўйдаги хатти-ҳаракатлари акс этади. Кўп тўйларда қўшиқчиларнинг фонограммада куйлаётганига гувоҳ бўляпман. Ваҳоланки, улар бир тўйда қўшиқ куйлашлари учун мўмайгина пул олишади, даромад топишади. Шунга яраша жонли ижрода куйлашлари керак.
—“Одамлар жонли ижрони тушунмайди”, деган гапларга қўшиласизми?
— Йўқ, мутлақо қўшилмайман. Одамлар тушунади, фақат жонли айт, дейишга андиша қилади. Фикримча, тўй эгалари фалон пулни берганидан кейин қўшиқчидан жонли ижрони талаб қилиши керак. Мен клипимда айнан шуни кўрсатиб бермоқчиман. Унда тўй тасвирланади, саҳнада эса таниқли хонандалардан бирининг тахтадан ясалган ҳайкалчаси туради.
— Ўшаларга нисбатан санъаткор сўзини қўллашларидан жаҳлингиз чиқмайдими?
— Албатта, чиқади. Уларни эстрадамиз юлдузи дейишларига ғашим келади. Майли, юлдуз бўлсин, лекин меҳнат билан, тинимсиз реклама билан эмас.
— Гапиравериб чарчамадингизларми?
— Мен кўп гапирмайман, агар кимгадир гапирмоқчи бўлсам, ўзини ёнимга чақириб, хатоларини ётиғи билан тушунтираман. Яқинда ёш актёрларимиздан бирини чақириб, “Санъаткор бироз мавҳум бўлиши керак. Алишер Навоий кинотеатрида 10та афиша бўлса, шуларнинг 8тасида сени суратинг турибди. Бунақада одамларни чарчатиб қўясан, қолаверса, у фильмдан бу фильмга ўтганингда, ҳеч нарса ўзгармайди”, деб айтдим. Аслида иқтидорли ёшларимиз жуда кўп, мен уларга ҳавас қиламан. Айниқса, мустақиллик уларга жуда кенг имкониятлар эшигини очиб берди. Фақат бу имкониятлардан тўғри фойдаланиш керак.
— Ўзбек миллий академик драма театри мамлакатимиздаги отахон театр саналади. Унда фаолият юритаётган ёшлар, шогирдларингиз юқоридаги танқидлардан йироқми?
— Гуруч курмаксиз бўлмайди. Театримиздаги ёшлар қўйилган талабларга тўла жавоб беряпти, деб айта олмайман. Ишга шунчаки хобби сифатида қарайдиганлар ҳам бор. Шунинг учун ёш актёрларга интизомли бўлиш кераклигини доим уқтириб келамиз. Бизнинг давримизда актёрлар спектакль, репетицияларга кечикмасди. Ҳозирги ёшлар орасида кечикиш сурункали ҳолатга айланган.
2012 йилда ишга қайтган бўлсам, ўшандан буён ёшларнинг режадан ташқари спектакль намойиш этайлик, деб таклиф беришганини эшитганим йўқ. Режадаги спектаклларга кечикиб келадиган актёрдан фидокорликни кутиб бўлмайди. Шунинг учун ҳам ёшлар ўз устида кўпроқ ишлаши, машҳурлик фақат ва фақат меҳнат ортидан келишини тушуниб етишлари лозим.
— Театрларда қўйилаётган спектакллар, айниқса, комедиялар кун сайин саёзлашиб кетмаяптими?
— Саёзлари кўп, лекин ҳозир уларнинг устида иш олиб бориляпти. Яхши спектакллар сони ортмоқда. Мана, бу йилнинг ўзида “Алишер Навоий” ва “Мирзо Улуғбек” спетакллари қўйилди. Дўстим, Ўзбекистон халқ артисти Эркин Комилов Мирзо Улуғбек ролини ўйнашни ният қилиб юрарди, орзусига етди.
— Бу спектаклда кўп юк Эркин Комиловнинг гарданига тушган. Ҳамид Олимжон номидаги Самарқанд вилояти мусиқали драма театри актёрларининг ижросида бироз сустлик бордек, назаримда.
— Икки театр актёрлари иштирокида бир спектакль саҳналаштириш осон иш эмас. Биринчи уринишда камчиликлар бўлиши табиий. Бу спектаклни Самарқандда кўрганимда менга жуда ёққанди. Айниқса, Эркиннинг ижросига қойил қолгандим. Спектакль устида яна ишланяпти, камчиликларнинг ўрни тўлдириляпти. Бу йилги театр мавсумини айнан “Мирзо Улуғбек” билан очмоқчимиз. Ёшларимиз ўз тарихини, аждодларини билиши керак.
Бизнинг Ватанимизга Яратганнинг назари тушган. Собиқ Иттифоқ даврида Амир Темур, ал-Хоразмий, ат-Термизий, ал-Фарғоний, Баҳоуддин Нақшбанд каби боболаримизнинг мақбаралари фабрика ва омборхоналарга айлантирилган эди. Мен буларни ўз кўзим билан кўрганман. Ўша даврдаги авлод боболари ҳақида ҳозиргидек маълумотга эга эмасди. Истиқлол сабаб улар номи тикланди, обидалар таъмирланди. Буларни кўриб хурсанд бўламан. Фарзандларимиз эса шунга яраша ўқиб, ўрганиши, мустақиллик берган имкониятлардан тўғри фойдаланиши шарт.
— Сизнингча, клипларда рақс тушиб юрган актёр театр саҳнасида Мирзо Улуғбек, Амир Темур каби ролларни ўйнаши мумкинми?
— Нега мумкин эмас? Гап у томошабинни қанчалик ишонтира олишида кетяпти. Агар ишонтира олса, кечаги рақси унут бўлиб кетади. Эркин Комилов дўстим бўлмаган тақдирда ҳам шу гапни айтган бўлардим. Чунки профессионал актёр ҳар қайси ролда ўзини синаб кўриши керак. Агар талабни сиз айтган йўсинда қўядиган бўлсак, “Келинлар қўзғалони”да мухбирни ўйнаган актёр Мирзо Улуғбекни ўйнаши мумкинми?”, деган савол ўртага чиқади. Менимча, Эркин Комилов ҳам, Теша Мўминов ҳам Ўзбекистон халқ артисти Нуриддин Ҳайдаровнинг ҳурмати учун ўша клипда суратга тушишга рози бўлишган.
— Клипга сизни таклиф қилишганида, рози бўлармидингиз?
— Йўқ, шу вақтгача ўз принципларимга қарши борган эмасман. Клип ва рекламаларга тушиш учун жуда кўп таклифлар бўлган, бироқ рад этганман. Фалон миллион сўмни деб томошабиннинг ишончини суиистеъмол қилгим келмайди.
— Бу фидоийлигингиз қадр топадими?
— Санъаткор ўз қадрини ўзи билиши керак. Шунда бошқалар ҳам уни қадрлайди.
Нуриддин Ҳайдаровнинг қўшиғи ҳақида гап очилганда, дилимдагиларни айтиб олсам. Очиғи, мен бу қўшиқни жуда яхши кўрардим. Нуриддин Ҳайдаровнинг ўғли отасининг қўшиғини бу алфозда айтиб чиққанидан ранжидим. У отасининг анъаналарини сақлаб қолиши, қўшиқни бузмай айтиши керак эди. “Дўлана” бундай ҳолатда айтиладиган қўшиқ эмас. Акам, Ўзбекистон халқ артисти Ҳайрулла Саъдиев қўшиқ айтишни билмас эдилар. “Дўлана” қўшиғи чиққан кезлари атайин қўшиқ айтишни ўрганиб, “Дўлана”ни ижро этдилар. Битта қўшиқ нималарга қодир эканини кўряпсизми? Бу қўшиқда қанчадан-қанча авлоднинг хотиралари қолган.
— Бундан 30 йил аввал, яъни 1986 йилда Ўзбек миллий академик драма театрининг 25 нафар актёри режиссёр Баҳодир Йўлдошевнинг ортидан ҳозирги Ўзбек давлат драма театрига ишга ўтганди. Бугун шу театрнинг баъзи актёрлари билан ҳамсуҳбат бўлсак, ўша даврларни алам билан эслайди. Уларнинг фикрича эндигина шаклланиб, ўз йўлини топиб келаётган собиқ Ёш гвардия театрига бошқа театр актёрларининг келиб қўшилиши ижодий муҳитни парчалаб юборган. 25 нафар актёрнинг ўз иш жойини ташлаб, янги театрга бориб қўшилишини “Тоза ҳовузга ғишт тушди”, деб баҳолаганлар ҳам бор.
— Ким айтган бўлса ҳам, бекорни айтибди. Ўзбекистон халқ артистлари Зайнаб Садриева, Тўйчи Орипов, Лола Бадалова, Ҳолида Хўжаева, Эркин Комилов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Римма Аҳмедова ғишт бўлиб қолдими? Ўшанда Ўзбек миллий академик драма театрининг энг забардаст актёрлари Ўзбек давлат драма театрига ўтган. Биз боргандан кейин “Келинлар қўзғалони”, “Паранжи сирлари” қўйилди. Томошабинлар чипта олиш учун навбат кутарди, залга одам сиғдириб бўлмасди. Сиз ҳозир 30 йиллик гапларни айтяпсиз. Шунча йилдан буён бу театрнинг ижодий муҳитини янгилаш, савиясини оширишга нима халал беряпти. Демак, ҳамма гап театрдагиларнинг, жамоанинг ўзида. Театрга яхши режиссёр, залворли асарлар керак.
— Бугун бу театр саҳнаси клип олиш майдончасига айланиб қолгандек, назаримда.
— Тўғри, театрнинг ижодий муҳити танг аҳволда. Улар оёққа туриб олиши керак. Бу театрда Баҳодир Йўлдошевдек замонамизнинг буюк режиссёри ишлади. Энди унинг йўлини давом эттирадиган режиссёрларни топиб, асарлар устида яхшилаб ишлашларини маслаҳат берган бўлардим.
— Балки, атрофдаги қўшни театрлар ёрдам қўлини чўзиши керакдир. Яхши режиссёрлар ҳам ўз мавқеи бор театрларга боришни исташади.
— Йўқ, улар бу тангликдан ўзи чиқа олишига кўзим етади. Кимнидир айбдор қилишдан осони йўқ. Биз бу театрга фойда келтирдик. Кетганимизга эса неча йиллар бўлди. Хўш, нега театр ўз мавқеини ушлаб қола олмади? Демак, ҳамма гап театрдагиларнинг ўзида.
— Оилангизга кўпчилик ҳавас қилган. Зайли опа билан неча йиллар давомида бир-бирингизни тушуниб, суянчиқ бўлиб келдингиз. Бир неча бор тўйларни очиб бериб, ёшларга бахт тилаётганингизга гувоҳ бўлганман. Сизнингча, бугунги оилаларга нима етишмайди?
— Мен тўйларга боришни унча ёқтирмайман. Кўп оилалар бир ойга етмай ажрашиб кетяпти. Ота-она йиғиб-териб, ҳашаматли тўйлар қилади, элга дастурхон ёзади. Баъзи жойларда ошириб ҳам юборишади, қатор-қатор машиналар, санъаткорлар дегандек... Лекин ёшлар бунинг қадрига етмаяпти. Бахтли ҳаёт тахт билан яратилмайди. Мен уйланган даврларимда Ўзбекистон халқ артисти Ёқуб Аҳмедовнинг Волга русумидаги автомибили бўларди. Зайли билан “ЗАГС”га ўша автомобилда борганмиз. Ҳозиргидек 10та машина билан кортеж қилишлар йўқ эди. Кўп йиллик ҳаётий тажрибамдан келиб чиқиб шуни айта оламанки, ҳамма нарсада меъёр бўлиши керак. Оила бахти ана шунда.
Мана, айни кунларда мустақиллигимизнинг 25 йиллик тўйини нишонлаш арафасида турибмиз. Одамлар билан учрашувларда бир нарсани тушуниб етяпман. Биз эртанги кунимизни бемалол ёшларимизга ишонсак бўлади. Улар кўп нарсаларга қодир. Санъаткор бўладими ёки бошқа соҳадами, муҳими шу юрт корига ярасин. Ота-бобосидан қолган меросларга ўзи эгалик қилсин. “Имон” спектаклида профессор Комиловнинг шундай сўзлари бор: “Ортимиздан қанчадан-қанча билимдон, иқтидорли, маънавияти кучли ёшлар келишяпти. Улар миллатимизни, мустақил Ватанимизни эъзозлашяпти. Менинг имоним комил, улар ҳеч қачон ўз виждонларига қарши боришмайди, имонсизлик қилишмайди. Чунки эртанги кун уларники, марра ҳам ўша ёшларникки. Аввало ҳар бир кишининг имони басаломат бўлсин. Имон бўлса, илм, эътиқод, ҳунар, маънавият бўлади”. Бежиз Юртбошимиз ҳам ҳар галги чиқишида имонни эслатиб ўтмайди. Имони бор халқ эгри йўлга юрмайди, тинчликнинг қадрига етади. Фурсатдан фойдаланиб, меҳнаткаш, қалби пок, бунёдкорлик ва эзгулик ҳисси билан яшайдиган имонли халқимизни Истиқлолимизнинг 25 йиллиги билан табриклайман.
Суратлар муаллифи Бекзод Мирсодиқов (Aslzod)