Мигрант ва қочоқларнинг асосини сурияликлар, афғонлар ва ироқликлар ташкил этади
Йил бошидан Европага Ўртаер денгизи орқали 134.905 мигрант ва қочоқлар келган. 418 нафар мигрант Европа давлатларига келиш чоғида ҳалок бўлган ёки изсиз йўқолган. Бу ҳақда Женевадаги брифингда Халқаро миграция ташкилотининг (ХМТ) расмий вакили Жоэл Миллман маълумот берди.
“ХМТнинг ҳисобига кўра, 134.905 мигрант ва қочоқлардан 125.819 киши Греция оролларига, қолганлари эса Италияга келган. Испанияга ҳам 100 га яқин қочоқ келганлиги ҳақида маълумотлар бор, лекин ташкилот буни ҳозирча тасдиқламади",-– дейди Миллман.
Февраль ойида Европага келган мигрант ва қочоқлар сони (55.633) январь ойига (67.415) қараганда бир қанча камайган. Греция расмийларининг маълумотларига кўра, сўнгги 14 ой мобайнида, яъни 2015 йилнинг бошидан, мамлакат 970.911 кишини қабул қилган. “Лекин бу яқин икки ҳафтада қочоқлар сони олдинги йилгидек миллионга етади дегани эмас”, – дейди ХМТ вакили.
Ҳалок бўлган ва дом-дараксиз йўқолган 418 кишининг 321 нафари Ўртаер денгизининг шарқий йўналишида, қолган 97 киши марказий йўналишда бўлганлар.
Жорий йилда Грецияга келган мигрант ва қочоқларнинг асосий қисмини сурияликлар (30.979), афғонлар (18.983) ва ироқликлар (12.335), Италияга келганлар орасида эса нигерияликлар (903), гамбияликлар (676) ва сенегалликлар (493) кўпчиликни ташкил қилади.