Хорижга ишлашга кетаётган фуқароларнинг чипталарининг 300 минг сўми давлат томонидан тўлаб берилади
Бу ҳақда “Qalampir.uz”нинг ҳукуматдаги манбаси хабар берди.
Таъкидланишича, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун республика ташқарисига транспортда чиқиш вақтида хавфсизлигини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш жойига етиб боришда хавфсизликни таъминлаш учун қулай шароитлар яратиш ва йўл-транспорт ҳалокатларининг олдини олишга қаратилган.
Сўнгги вақтларда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун республика ташқарисига чиқаётган фуқаролар томонидан йўловчилар учун хавфсизлик ва қулайлик талабларига жавоб бермайдиган ишлаб чиқилган йили эскирган автотранспорт воситаларида йўловчи ташиш хизматларидан фойдаланиб келинмоқда. Бунинг натижасида, қўшни мамлакатлар ҳудудида фуқароларимизни ташиётган йўловчи автобуслар иштирокида уларнинг ҳаёти ва соғлиги учун фожиали оқибатларга олиб келадиган йўл-транспорт ҳалокатлари содир бўлмоқда.
Вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун республика ташқарисига чиқаётган фуқаролар томонидан авиа, темир йўл ва хавфсиз автомобил транспортидан етарли даражада фойдаланмасликнинг асосий сабаби қуйидагилар ҳисобланади:
- темир йўл ва авиачипталарнинг нархи автомобил транспорти хизматларига нисбатан қимматлиги;
- темир йўл ва авиация транспортининг қуввати ва салоҳияти камлиги вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун республика ташқарисига чиқаётган фуқароларнинг талабини тўлиқ таъминламайди;
- республикамизда халқаро йўловчи ташиш рейсларини амалга оширувчи автотранспорт йўловчи ташувчиларнинг деярли мавжуд эмаслиги.
Шуни қайд этиш муҳимки, вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун республика ташқарисига чиқаётган фуқароларга темир йўл ва авиачипталар нархларига чегирмалар тақдим этиш тизими жорий этилмоқда:
биринчидан, “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ ва Ўзбекистон ҳаво йўллари” МАК 2018 йил 1 апрелдан вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун республикадан ташқарига чиқаётган фуқароларга плацкарт ва умумий вагонларга темир йўл чипталари ҳамда иқтисодий (эконом) класс авиачипталар нархларига 20 фоизгача чегирма тақдим этади;
иккинчидан, вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун республикадан ташқарисига чиқаётган ҳар бир фуқарога темир йўл ва авиачипта харид қилиш харажатларини қисман қоплаш учун 300 минг сўм миқдорда беғараз тўлов бир йилда бир марта амалга оширилади. АТ “Алоқабанк”нинг молиявий барқарорлиги ва ликвидлилигини ошириш мақсадида Давлат бюджети ва Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш жамғармасидан 100 миллиард сўм АТ “Алоқабанк” устав капиталига киритилади.
Шу билан биргаликда, темир йўл ва авиачипталарни имтиёзли тарифларда харид қилишнинг асосий шарти вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун республикадан ташқарига чиқаётган фуқароларни имтиёзли тарифларда чипта тақдим этишнинг шаффофлигини таъминлаш мақсадида Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги электрон маълумотлар базасига рўйхатга олиш ҳисобланади.