4 февраль куни Косонсой туман марказий деҳқон бозорида номаълум шахс томонидан уй шароитида тайёрланган кала-поча гўшти ва хасип таомини харид қилиб, уни истеъмол қилиши натижасида 36 киши заҳарланган эди.
Косонсой туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Б.Холдоров, унинг ўринбосари Р.Абдуллаев, туман кўп тармоқли марказий поликлиника мудири М.Каримовалар Президент, ҳукумат ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлигининг меъёрий ҳужжатлари ижросини етарли даражада амалга оширмаган. Жумладан, аҳолининг тиббий хизматга муҳтож қатламини қамраб олиш ишларини талаб даражасида ташкил этмаган.
Шу боис улар ўз эгаллаб турган лавозимидан озод этилди.
Шунингдек, Косонсой туман тиббиёт бирлашмасининг масъул ходими М.Тошматов ва туман кўп тармоқли марказий поликлиника масъул ходими А.Абдуллаевлар ҳам ўз вазифасидан озод этилган.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги Ахборот хизмати хабарига кўра, М.Тошматов ва А.Абдуллаев бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларида тиббий хизматлар сифатини яхшилаш, ўтказилаётган профилактика тадбирларининг самарадорлиги учун маъсулиятни оширишга қаратилган топшириқлар ижросини тизимли ташкил этмагани ва патронаж тадбирларига талаб даражасида эътибор қаратмаган.
Эслатиб ўтамиз, 4 февраль куни Косонсой туман марказий деҳқон бозорида номаълум шахс томонидан уй шароитида тайёрланган кала-поча гўшти ва хасип таомини харид қилиб, уни истеъмол қилиши натижасида 36 киши заҳарланган эди. Уларнинг барчаси Косонсой туман тиббиёт бирлашмасининг юқумли касалликлар бўлимига мурожаат қилган.
Ушбу ҳолат юзасидан Соғлиқни сақлаш вазирлигининг алоҳида назорати ташкил этилган эди.