Фармонда Агентликни кадрлар билан таъминлаш масаласи ҳам инобатга олинган.
Фармонга кўра, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Атом энергетикасини ривожлантириш агентлиги (“Ўзатом”) ташкил этилади.
“Ўзатом” агентлиги атом энергетикасини ривожлантириш ва ундан фойдаланиш соҳасида ягона давлат сиёсати ва стратегик йўналишларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш учун масъул бўлган давлат бошқаруви органи бўлади.
“Ўзатом” агентлиги, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда:
2018 йил 20 декабрга қадар – 2019-2029 йилларда Ўзбекистон Республикасида атом энергетикасини ривожлантириш концепцияси лойиҳаси;
2019 йил 1 июнга қадар – ишлаб чиқилган Концепцияга мувофиқ Ўзбекистон Республикасида атом энергетикасини ривожлантириш бўйича инвестиция лойиҳалари портфели;
2019 йил 1 ноябрга қадар – 2019-2029 йилларда Ўзбекистон Республикасида атом энергетикасини ривожлантириш давлат дастури лойиҳасини, шунингдек, концепция ва дастурнинг ўз вақтида амалга оширилишини таъминлаш бўйича комплекс чора-тадбирларнинг ишлаб чиқилишини ва тасдиқлаш учун киритиши топширилди.
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига атом энергетикаси соҳасида кадрлар тайёрлаш учун Ўзбекистон Миллий университети ва Самарқанд давлат университетига қабул квоталарини киритиши тайинланди.
Бундан ташқари, талабаларнинг атом энергетикасининг аниқ мутахассисликлари юзасидан хорижий таълим муассасаларида ўқиши ва стажировка ўташини ташкил этиш режалаштирилган.