Таркиби ва ҳажмлари бўйича аҳоли озиқ-овқат рационининг асосини ташкил этувчи озиқ-овқат маҳсулотлари импортининг улуши 20 фоиздан ошмаслиги керак.
Тақдим этилган қонун лойиҳасига мувофиқ Вазирлар Маҳкамаси ушбу соҳада қандай ваколатлар ва жавобгарликка эгалигини кўрсатиб ўтамиз.
Биринчидан, Вазирлар Маҳкамаси фуқароларнинг озиқ-овқат билан тўлақонли таъминланиш ҳуқуқларини кафолатлайди ва давлатнинг озиқ-овқат хавфсизлигини, шу жумладан:
Ўзбекистонда озиқ-овқат маҳсулотларининг зарур даражада ишлаб чиқарилишини;
ички ва ташқи салбий омиллар таъсиридан қатъи назар, давлат озиқ-овқат захираси мавжуд бўлиши, янгиланиши ва тўлдирилишини;
Ўзбекистонда ишлаб чиқариладиган ва фуқароларга сотиладиган озиқ-овқат маҳсулотлари сифатининг давлат стандартлари тизими талабларига мувофиқлигини таъминлайди.
Иккинчидан, лойиҳа билан республиканинг озиқ-овқат мустақиллигини таъминлаш учун жавобгарлик Ҳукумат зиммасига юклатилган. Бир йилда мамлакатимизда ишлаб чиқарилган ҳаётий муҳим озиқ-овқат маҳсулотларининг ҳажми овқатланишнинг физиологик меъёрларига мувофиқ аҳоли йиллик эҳтиёжининг камида 80 фоизини ташкил этганда, у таъминланган деб ҳисобланади. Яъни таркиби ва ҳажмлари бўйича аҳоли озиқ-овқат рационининг асосини ташкил этувчи озиқ-овқат маҳсулотлари импортининг улуши 20 фоиздан ошмаслиги керак.
Учинчидан, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва озиқ-овқат бозори устидан давлат назорати соҳасидаги тегишли назорат функциялари ҳам назарда тутилмоқда, дея ёзмоқда Norma ахборот-ҳуқуқий портали.