ЎФА сайтига маъсул ходимлар янгилик жойлаётган вақтда бироз эътиборлироқ бўлишса, яхши эди.
Бу ерда, табиийки, савол туғилади: ҳеч замонда клублар ўртасида ҳам жаҳон чемпионати мусобақаси ташкил этилганми? Ҳа, ташкил этилган, лекин гап бунда эмас. Гап клублар ўртасидаги Осиё чемпионатини адашиб, жаҳон Чемпионатига алмаштириб юборишдек қўпол хатога йўл қўйган ходимлар ҳақида кетмоқда. Ахир қандай қилиб, “Олмалиқ” футзал жамоаси клублар ўртасидаги ЖЧда қатнашиши мумкин? Сайт ходимлари йўл қўйган хатолари билан Осиё чемпионати мусобақасини жаҳон чемпионатига айлантириб юборишди-ку. Мусобақа нуфузини эса юқори чўққиларга олиб чиқиб қўйишди.
Нима учун янгилик кўчириб жойланаётган вақтда сайтнинг масъул ходимлари бу хатога эътиборларини 1 дақиқага бўлса-да қаратишмаган? Ёки улар масъулият нималигини ҳис этишмайдими? Ахир ЎФФ сайтини бутун Ўзбекистон аҳли кузатиб боради. Ўзи яқинда хостинг туфайли фаолиятини бироз муддатга тўхтатиб, яна қайта жонланган ЎФФ расмий сайтида анча вақт ушбу сарлавҳадаги янгилик ўзгартирилмаган ҳолда сақланиб турди.
ЎФА сайтига маъсул ходимлар янгилик жойлаётган вақтда бироз эътиборлироқ бўлишса, яхши эди. Акс ҳолда кичик хато катта хатонинг бошланишига сабабчи бўлади.