...
МЕНЮ
ONLINE TV

Ҳасанбой Дўстматов: “Олимпиададаги олтин медалимни Президентимизга совға қилмоқчи эдим”


17:25, 08.09.2016 Спорт
 2 930

Рио-де-Жанейрода бўлиб ўтган XXXI ёзги Олимпиада ўйинларида Олтин медални қўлга киритган Ҳасанбой Дўстматов Президент Ислом Каримовни хотирлади.

Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг вафоти бутун халқимизни чуқур қайғуга солди. Куни кеча ўзбекистонлик спортчилар Рио-де-Жанейрода ўтказилган XХXI ёзги Олимпиада ўйинларида 4та олтин, 2та кумуш ва 7та бронза медалларини қўлга киритиб қайтганида халқимиз жуда қувонган эди. Олимпиада совриндорларига Президент Фармони билан пул мукофотлари ҳамда Malibu автомобили тақдим этилди. Бироқ шундай қувончли кунларда спортчиларнинг қўлини сиқиб, фарзандларини ғалаба билан қутлаш Президент Ислом Каримовга насиб этмади. Аслида ўзинг эккан ниҳолнинг мевасини ейишданда тотли он йўқ. Ислом Каримов фарзандларининг зафар қучганини кўрди, тўйни тўёнасиз қўймади, бироқ қувонч тўла кўзларни ёшлатиб кетди.
 
Халқимиз бошига тушган оғир мусибат Олимпиада совриндорларининг кайфиятига ҳам таъсир ўтказди.
 
Ҳасанбой Дўстматов, боксчи, XXXI ёзги Олимпия ўйинлари ғолиби: 
 
– Президентимизнинг вафоти ҳақидаги қайғули хабарни эшитиб, бутун Ўзбекистон халқи, жумладан, ёшлар чуқур изтиробга тушди. 

Бобом ҳар сафар мени мусобақага кузатаркан “Бошинг омон бўлсин! Илоҳим, юртимиз доимо тинч бўлсин, ўз юртидан, фарзандлари ютуғидан фахрланиш туйғусини берган мустақиллигимизга кўз тегмасин. Орзуларимиз ижобатига раҳнамо бўлиб турган Юртбошимиз омон бўлсин!”, деб дуо қиларди...
 
Мактабда ўқиб юрган кезларимда синфхонамизда Президентимизнинг суратига қараб, у киши билан кўришишни орзу қилардим. У киши биз, ёшларнинг, миллатнинг отаси эди. Бизни ҳар доим “Болаларим, фарзандларим!” дерди.
 
Мен оддий деҳқоннинг боласиман. Спортда эришаётган ютуқларимнинг бош омили Президентимизнинг ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратган доимий эътибори ва ғамхўрлигидир. Бразилияда ўтган Олимпия ўйинларида ҳам биз спортчилар ана шу меҳр ва ишончни қалбдан ҳис қилиб, бунга муносиб жавоб беришга аҳд қилдик. 

XXXI ёзги Олимпия ўйинларида олтин медални қўлга киритдим. Юртбошимиз ютуғимни юксак баҳолаб, 2016 йил 24 августдаги фармони билан мени “Ўзбекистон ифтихори” фахрий унвони билан тақдирлади.
 
Олимпиададаги олтин медалимни Президентимизга совға қилмоқчи ва кейинги Олимпиадаларда ҳам муносиб иштирок этишимиз учун у кишининг дуосини олмоқчи эдим. 

Биз учун барча шароит ва имкониятларни яратиб берган Президентимиз номини ҳеч қачон унутмаймиз. Унутишга ҳаққимиз йўқ!

Теглар:Ислом Каримов Хотира Ҳасанбой Дўстмуродов 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!