Ҳасан Руҳоний: “Ядровий дастур бўйича эришилган келишувдан асло воз кечмаймиз, ҳатто бу йўлда бизга 10 та Дональд Трамп қарши чиқса ҳам!”
Бу — АҚШ президенти Дональд Трампнинг Эрон билан тузилган ядровий келишувни бекор қилишга қаратилган нутқига қарши изоҳ тариқасида Эрон томонидан янграган баёнотидан.
Мазкур баёнот ва унинг изоҳлари ҳақида РИА Новости агентлиги хабар бермоқда.
“...Ядровий келишув — БМТнинг Хавфсизлик Кенгаши томонидан ратификация қилинган халқаро битимдир. Бу — БМТнинг ҳужжати! Бирорта давлат президенти бундай муҳим халқаро шартномани бир томонлама бекор қилиш мумкинми? Эҳтимол, Трамп буни билмас...”, деди Руҳоний.
Эслатиб ўтамиз, жума куни Трамп халққа қилган мурожаатида Эроннинг ядровий дастур бўйича келишувга мувофиқ эканлигини айтган.
Аммо Трамп, шунингдек, Оқ Уй Эрон билан тузган халқаро битимнинг “жиддий камчиликлари” бўйича Конгресс билан ишлашини ва АҚШ терроризмни қўллаб-қувватлаб келаётгани учун Эронга қарши янги санкциялар қўллашини ваъда қилган.
АҚШ Ислом инқилоби муҳофазачилар корпусини террорчилик ташкилотлари рўйхатига киритди ва унга қарши иқтисодий санкциялар киритишини эълон қилди.
Теҳрондаги унверситетлардан бирида маъруза қилган Ҳасан Руҳоний “Ядровий дастур бўйича эришилган келишувдан асло воз кечмаймиз, ҳатто бу йўлда бизга 10 та Дональд Трамп қарши чиқса ҳам!”, деб таъкидлаган эди.
Эрон ва P5+1 давлатлари (АҚШ, Англия, Хитой, Франция, Россий ва Германия) ўртасида имзоланган ядровий дастур бўйича келишув Дональд Трамп томонидан кескин эътирозга сабаб бўлиб келмоқда.
АҚШ президенти Эрон билан тузилган ядровий битимни “Қўшма Штатлар тарихидаги энг шармандали келишувлардан бири”, деб атаган эди.