...
МЕНЮ
ONLINE TV

Ҳамза Жумаев: “Менга шубҳа билан қараганларни тўғри тушунаман”


10:56, 24.08.2017 Интервью
 114 050

Таниқли тележурналист бир неча йиллик танаффусдан сўнг яна “Давр” дастурига қайтди.

2000-йилларда “Ёшлар” телерадиоканалида ижод қилган тележурналист Ҳамза Жумаев ўз фаолиятини яна қайта йўлга қўйди. У аввал меҳнат қилган “Давр” информацион дастури таҳририятига ишга қабул қилинди.

1. ТВга қайтганингиз билан табриклайман, шунча йил ўтиб собиқ иш жойингизга кирганингизда нималарни ҳис қилдингиз?

Ҳ.Ж - Бир муддат танаффусга чиқиб, дарсга қайтган талабадек ҳис қилдим ўзимни.

2. Ишга қайтишингизга "қора рўйхат"дан чиқарилганингиз сабаб бўлдими?

Ҳ.Ж - Албатта, зотан шу пайтгача айнан шу рўйхат ишга қайтишимга тўсқинлик қилаётган эди. Бунинг учун ҳукуматимиз раҳбариятига миннатдорчилигим чексиз.

3. Ишга кириш учун сиз мурожаат қилдингизми ёки ўзлари таклиф қилишдими?

Ҳ.Ж - Ишга тикланиш учун таклифлар бўлиб турарди, лекин уринишлар бир неча бор зое кетган эди. Бу гал тўғридан-тўғри Президентимиз виртуал қабулхонасига йўллаган мурожаатим ва МТРК раҳбариятининг мени муносиб ходим деб топгани сабаб бўлди.

4. "ДАВР"да ўтган йиллар мобайнида нималар ўзгарибди, бегонасирамадингизми?

Ҳ.Ж - Умуман бегонасирамадим. Қайтага, мени қадрдон инсондек кутиб олишди. Нималар ўзгарганини ҳали сезиб улгурмадим.

5. Сиз таҳририятда асосий тадбирларни ёритгансиз, лекин янги келганларга одатда бундай "илтифот" кўрсатилмайди. Ҳаммасини бошидан бошлашга тайёрмисиз?

Ҳ.Ж - Мен ўз ғоя ва таклифларим билан раҳбарият қабулига кирдим. Шуларни амалга оширишга имконият бўлса, етарли мен учун. Бошидан бошлашдан кўра, қолган еридан давом эттиришга кучим ҳам, ақлим ҳам етади. Бугун асосий бўлмаган мавзунинг ўзи йўқ. Қайси мавзуни эмас, қандай ёритишда ҳамма гап.

6. Ҳамкасбларингиз сизни қандай кутиб олишди, шубҳа билан қараганлар ҳам бўлдими?

Ҳ.Ж - Ҳамкасбларим мени жуда илиқ ва самимий кутиб олишди. Орадаги "танаффус" мен ва атрофимдагиларнинг ўзаро муносабатларимизни қайта таҳлил қилиб кўриш имконини берди. Менимча ўзига яраша хулоса шаклланди бу борада. Мен асосийси ўзимга яна ижод қилиш имконияти туғилганидан мамнунман.  Шу етарли...

Кимдир шубҳа билан қараган бўлса, уни ҳам тўғри тушунаман. Лекин қадрдон телеканалимизнинг мавқеини юксалтириш учун меҳнатим ва салоҳиятимни аямайман. Бу мақсад олдида мен учун бошқа жиҳатлар жуда муҳим эмас.

Самимий жавобларингиз учун, бундан буёнги ишларингизда омад тилаб қоламиз.

Эслатиб ўтамиз, яқинда давлат раҳбарининг адашиб, хатога қўл урган фуқароларни кечириш ва уларга яна бир имкон бериш тўғрисидаги қарорига асосан бир гуруҳ кишилар “қора рўйхат”дан чиқарилганди.

Маълумот учун:

Ҳамза Жумаев 1980 йил 23 августда Бухоро шаҳрида туғилган.

Оилали, икки ўғил фарзанди бор. Ҳозирда Тошкент шаҳрининг Чилонзор туманида истиқомат қилади.

2002 йилда Ўзбекистон Миллий Университетининг журналистика факультети халқаро бўлимини битирган.

Фаолиятини “Ёшлар” телерадиоканалида бошлаган, “Давр” дастурида сиёсий шарҳловчи сифатида муваффақият қозонган.
Зоҳиршоҳ Жўраев

Теглар:Ҳамза Жумаев Сиёсий шарҳловчи Телевидение 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!