Ўзбекистон халқ шоири Ҳалима Худойбердиева Президентликка номзод Шавкат Мирзиёевнинг Сирдарё вилоятида ўтказган учрашувига таклиф этилди.
Шу кунларда ҳар бир партия номзоди жойларда сайловчилар билан учрашувлар ўтказиб, ўз сайловолди дастури юзасидан чиқиш қилмоқда. Бундай учрашувларда давлат ва жамоат ташкилотларининг илғор ходимлари, шифокорлар, ўқитувчилар, ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари, ёзувчи ва шоирлар, маданият ва санъат олами вакиллари иштирок этмоқда.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси шоир Муҳаммад Исмоил ўзининг ижтимоий тармоқлардаги шахсий саҳифасида анча йиллардан буён оммавий тадбирларда иштирок этмай қўйган, ТВ, газета ва радиоларда ҳам кўринмай қолган Ўзбекистон халқ шоири Ҳалима Худойбердиева Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан номзод Шавкат Мирзиёевнинг Сирдарё вилояти сайловчилари билан ўтказган учрашувига таклиф этилганини маълум қилди.
“Кейинги кунларда Ўзбекистоннинг сиёсий-ижтимоий ҳаётида рўй бераётган ўзгаришлардан қувонмасликнинг иложи йўқ.
Шавкат Мирзиёев улуғ устозимиз Абдулла Ориповнинг дафн маросимида, жанозасида, худойисида ўзи бош-қош бўлиб турди, сарфланган харажатларнинг ҳаммасига мададкор бўлди. Шароф Рашидов номини абадийлаштиришга алоҳида эътибор берди. Хуллас, инсон қадри, Ўзбекистон равнақи учун хизмат қилган улуғларимизнинг қадри тиклана бошлади, улуғланди.
Мени яна қувонтирган воқеалардан бири шуки, ўн йиллардан буён давлат ва хокимият ишларидан четда, телевидение ва давлат матбуот органлари томонидан мутлақо “унитилган” ўзбекистоннинг энг забардаст аёл ижодкори, ўрта Осиё шоираларининг қироличаси Ҳалима Худойбердиевани Шавкат Мирзиёевнинг шахсан ўзи Сирдарё вилояти сайловчилари билан ўтказилган учрашувга чақиргани ва биринчи қаторга ўтказгани, эҳтиром кўрсатгани бўлди”, деб ёзади шоир Муҳаммад Исмоил.
Адабиёт, бугунги давр шоир ва ёзувчилари тақдири ҳамда ижодига куюнчак бўлган Муҳаммад Исмоил Ҳалима Худойбердиева билан суҳбатлашганини айтиб, шоиранинг қувончи ичига сиғмай, Шавкат Мирзиёевга атаб шеър ёзганини айтди.
“Мени учрашувга чақиришар эканлар, бу илтифотдан шошиб қолдим, сўнгра йўл-йўлакай кўзда ёш билан Шавкат Мирзиёевга бағишланган ушбу шеърни ёздим”, дейди Ҳалима Худойбердиева Муҳаммад Исмоилга.
Шоир Муҳаммад Исмоил ўз мулоҳазалари сўнггида Ўзбекистон халқ шоири Ҳалима Худойбердиеванинг Шавкат Мирзиёевга аталган шеърини ҳавола этди.
Ўзбекистон тоғларида,
Шавкат ўсди, шон ўсди.
Ишонч бўлиб ўсди у,
Бахтдан нишон ўсди у.
Ўзимиз ҳам сезмай қолдик,
Бахтдан нишон ўсди у.
Зомин тепасидан арча,
Қўл ушлашиб тушаркан.
Улоқчалар жилдир-жилдир,
Сувда ўйнаб пишаркан.
Ковул-коврак орасидан,
Чангиб келган бола у.
Мирзачўлнинг тўфонларин,
Енгиб келган бола у.
Ким ўтолмас тоғдан ўтса,
Энг буюк нишон берсин.
Кимки куйиб фарзанд кутса,
Шавкат берсин, шон берсин!