...
МЕНЮ
ONLINE TV

Ҳафтанинг муҳим воқеалари суратларда


01:55, 23.05.2016 Олам
 9 793

16-22 май кунлари Ўзбекистон ва жаҳонда содир бўлган энг муҳим воқеаларнинг эксклюзив суратлари...

Ҳар галгидек, эътиборингизга ҳафта давомида рўй берган энг оламшумул воқеалар ҳақида маълумот беришда давом этамиз. Ўтган ҳафта ҳам кўплаб воқеаларга бой бўлди.  Сайтимиз орқали баъзи бир янгиликларни ёритмаган бўлсакда, уларни мазкур лойиҳамиз давомида бериб боришга ҳаракат қиламиз. Қуйида ҳафта воқеаларини суратларда тамоша қилинг.
 
Кения пойтахти Найроби шаҳрида сайлов органларини порахўрлик ва коррупцияда айблаётган мухолифат кучларининг тарафдорлари норозилик намойиши ўтказдилар. Суратда полициядан қочаётган намойишчилар тасвирланган.  Полиция намойишчиларга қарши кўзни ёшлантирувчи газ ишлатишга мажбур бўлди.  2016 йил 16 май.


 
Суриянинг Идлиб вилоятида жойлашган мухолифат назорати остидаги  Марет ал-Нуман шаҳрида мактаб ўқувчилари уруш пайтида хавфсизлик чоралари машқларини ўрганмоқдалар. 2016 йил 16 май.
 


АҚШнинг Мэриленд штатидаги Аннаполис шаҳрида Аёллар ҳарбий-денгиз флоти академиясида йиллик денгиз машғулотлари ўтказилди. 14 соатлик ушбу машғулотларда аёл ҳарбийлар турли хил мушкул машқларни бажаришларига тўғри келди. Суратда ҳарбий хонимлар оғир вазнли тўсинни кўтариб машқ қилишда. 2016 йил 17 май.
 


17 май куни  Royal Caribbean компаниясига тегишли дунёдаги энг йирик круиз – “Денгизлар гармонияси” Англиянинг Саутгемптон шаҳри портига етиб келди. 16 палубали мазкур круиз 22 май куни Испаниянинг Барселона шаҳрига илк саёҳатини бошлайди. 
 


Нигериялик мактаб ўқувчиси Амина Али Дарша икки йил давомида Боко Ҳарам террористик ташкилотининг исканжасида бўлган ва жангарилар қўлидан озод этилган. Суратда Амина мамлакат президенти Муҳаммаду Буҳарига фарзандини кўрсатмоқда. 2016 йил 18 май.
 


17 май куни расмий ташриф билан Ўзбекистонга келган Болгария Республикаси Бош вазири Бойко Борисов 18 май куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов билан учрашди. Оқсаройда бўлиб ўтган учрашувда иқтисодий ҳамкорликнинг кенг кўламли масалалари – саноат, транспорт коммуникациялари, туризм, шунингдек, замонавий қўшма саноат корхоналарини ташкил қилишнинг истиқболли йўналишлари муҳокама қилинди.
 


19 май куни тонгда EgyptAir авиакомпаниясининг Париждан Коҳирага қайтаётган MS804 рейсли самолёти кутилмаганда радар экранларидан ғойиб бўлди. Самолётнинг қай тарзда ҳалокатга учрагани сир бўлиб қолмоқда. Самолёт бортидаги 66 кишининг 3 нафари болалар бўлган. 10 нафари эса экипаж аъзоси бўлгани айтилмоқда. Суратда Париждаги Шарль де Гол халқаро аэропортининг EgyptAir авиакомпанияси бўлимида ишлаётган ходим самолёт йўқолиб қолгач, воқеа сабабларини билиш учун ҳамкасбларига қўнғироқ қилмоқда. 
 


Шри-Ланканинг  Араньяка вилоятида тинимсиз ёқган ёмғир учта қишлоқдаги турар-жой биноларига катта зарар етказди. Қишлоқ лой уюмлари остида қолган. Фалокат оқибатида 18 киши вафот этган, юзга яқин одам бедарак йўқолган. Суратда Элангипития қишлоғида яшовчи аёл лой билан қопланган ҳудудларни кўздан кечиряпти. 2016 йил 19 май.
 


19 май куни Корея Республикаси Бош вазири Ҳван Гё Ан расмий ташриф билан Ўзбекистонга келди. Бош вазир ташриф доирасида 20 май куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов қабулида бўлди. Учрашув чоғида нефть-газ соҳаси, транспорт инфратузилмаси, ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш бўйича истиқболли инвестициявий лойиҳаларни биргаликда тайёрлаш ва амалга оширишга доир масалалар юзасидан атрофлича фикр алмашилди.
 


Грециянинг Македония билан чегарасида жойлашган Идомени қишлоғида минглаб муҳожирлар истиқомат қилади. Суратда чодир ёнида ўтирган болакай ва чодир деворида муҳожирларнинг истаклари ёзилган. 2016 йил 20 май.
 


Ўтган ҳафта давомида Фарғона вилоятида ўзбек санъатининг таниқли намоёнларида – актёр, хонанда ва созандалар, ёзувчи ҳамда шоирлар иштирокида “Биз буюк юрт фарзандларимиз” ёшлар фестивали ўтказилди. Фестивал доирасида вилоят бўйлаб ўтказилган учрашувлар Қувасой тумани 64-умумтаълим мактаби ўқувчиси 4-“А” синф ўқувчиси Маҳсума Абдулаҳадова Президент Ислом Каримовга битилган шеърини ўқиб эшиттирди. Унинг баралла шеър ўқиётган видеоси ижтимоий тармоқлар орқали дунёнинг кўплаб нуқталарига етиб борди. Қизалоқ бир зумда машҳур бўлиб кетди.
 


Ҳиндистоннинг Аҳмадобод шаҳрида ишловчи Сарта Калара ва унинг эри кунига 250 рупия учун эрталабдан кечгача ишлашларига тўғри келади.  Сарта ишга кетишдан олдин 15 ойлик қизи Шиванини тошга боғлаб кетади.  Қизалоқ қанчалик йиғламасин, унинг ота-онаси бу ишни қилишга мажбур.  Чунки уни ўзлари билан олиб кета олмайдилар, энага ёллаш ёки боғчага бериш эса улар учун қимматлик қилади. 2016 йил 21 май.

Руслан Сулаймонов

Теглар:Ҳафтанинг муҳим воқеалари суратларда 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!