Сиз ҳафта давомида бўлиб ўтган воқеаларни тасвирларда кўрасиз.
Греция-Македония чегарасида жойлашган Идомени грек қишлоғида муҳожирлар ва уларнинг болалари мультфильм томоша қилмоқдалар. 2016 йил 5 март. Минглаб муҳожирлар Грециянинг Идомени қишлоғида, Македонияга ҳудудига кира олмасдан, чодирларда яшамоқдалар.
АҚШнинг Флорида штати, Лейк Буена Виста шаҳрида жойлашган Сhempion Stadium’да бўлаётган ўйинда томошабинлар томонга учиб келган бейсбол битаси боланинг юзига урилишига сал қолди. 2016 йил 5 март.
Россиянинг Грозний шаҳрида профессионал бокс бўйича ўтказилган WBA камари учун ўзбекистонлик Руслан Чагаев ва австралиялик Лукас Браун ўртасидаги жанг ҳамюртимизнинг мағлубияти билан тугади. 2016 йил 6 март.
8 март куни юртимиз ва дунёнинг бошқа мамлакатларида Халқаро хотин-қизлар куни нишонланди.
Индонезия ва Ғарбий Тинч океани минтақасида миллионлаб одамлар Қуёш тутилишига гувоҳ бўлдилар. Ой бир неча дақиқа Қуёшнинг юзасини тўсиб қўйди. 2016 йил 9 март.
9 март тонгида Тошкентнинг Себзор даҳасида жойлашган Ikat ресторани ёниб кетди. Ёнғин натижасида ҳеч ким ҳалок бўлмаган. Бироқ олов бутун ресторанни қамраб олган. Маълумотларга кўра, ресторан бир ойлик таъмирдан сўнг очилади.
Бирлашган Араб Амирликларининг Абу-Даби ва Дубай шаҳарларида тўхтамасдан ёққан ёмғир сув тошқинларига сабаб бўлди. Бундан ташқари кучли шамол туфайли аэропортларда парвозлар бекор қилиниб, сув босган йўлларда автомобиль ҳаракатлари тўхтаган эди. Шу билан бирга, мактаблардаги ўқиш ҳам вақтинчалик тўхтатилди. 2016 йил 9 март.
Аргентинанинг диққатга сазовор жойларидан бири – Perito Moreno Glacier’даги музликларнинг бир қисми сувга қулаб тушди. “Оқ гигант” деб номланувчи бундай музликлар вақти-вақти билан сувга тушади. Охирги маротаба 2012 йилда бундай воқеа бўлган эди. Мазкур манзарани томоша қилиш учун бу ерга кўплаб сайёҳлар ташриф буюрди. 2016 йил 10 март.
“Қалампир” лойиҳаси доирасида сайтимиз орқали биринчи кўрсатув тақдим этилди. Мазкур кўрсатувнинг илк меҳмони – “Ниҳол” мукофоти совриндори Манзура Йўлдошева бўлди. 2016 йил 10 март.
11 март куни Японияда 18 мингдан ортиқ одамнинг ҳаётига зомин бўлган кучли ер қимирлаши ва цунами бўлганига беш йил тўлди. 2011 йил 11 март куни очиқ денгизда бўлган 9 балли зилзила оқибатида катта тўлқинлар пайдо бўлиб Япониянинг шимоли-шарқий қисмидаги қирғоққа келиб урилган эди. Натижада, 1986 йилги Чернобиль фожиасидан кейинги дунёдаги энг хавфли ядро ҳалокати содир бўлди. Цунами Фукушима атом электр станциясини вайрон қилиб, атроф-муҳитга ва инсонлар ҳаётига катта талофат етказган эди.