Бу йил анъанавий равишда пойтахтдаги Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий боғи саҳнасида концерт дастури бўлиб ўтадими?
Инсонийлик, бағрикенглик ва бунёдкорлик ишлари жадаллашади. Кўчалар обонлаштирилиб, баҳорнинг майин таровати дилларга кириб келади. Хайр-саховат муҳитини янада мустаҳкамлашда Наврўзнинг ўрни бўлакча: унда пиширилган кўклам таомларидан қўшнингизга ҳам илинасиз.
Аввалроқ, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 28 февраль куни “2017 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарорни имзолагани ҳақида хабар берган эдик. Хўш, бу йил байрам қандай нишонланади?
Бу йил анаъанавий равишда пойтахтдаги Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий боғи саҳнасида концерт дастури бўлиб ўтмайди.
Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган сайилларга фольклор гуруҳлари, бадиий ҳаваскорлик жамоалари, дорбозлар, цирк артистлари, оилавий ансамбллар, бахшилар, шоирлар, шунингдек, профессионал ижрочилар ва истеъдодли эстрада артистларини кенг жалб этилади.
Сайил дастурларини тайёрлашда халқ ўйинлари, фольклор санъатининг энг яхши намуналарини, элу юртнинг дилидан чуқур жой олган, қадимий урф-одатлар, эзгу инсоний туйғуларни тараннум этадиган куй ва қўшиқлар, ўлан ва лапарларга кенг ўрин бериш кўзда тутилган.