...
МЕНЮ
ONLINE TV

Ўзбекларда – Наврўз. Бошқа халқлардачи?


10:20, 21.03.2018 Бу қизиқ
 5 931

Дунё халқларининг барчасида ўз баҳорий байрамлари мавжуд.

Наврўз бир неча минг йиллардан бери туркий халқларнинг тарихини, анъана ва қадриятларини ўзлигини намоён этиб келаётган байрамлардан биридир.
 
2009 йилнинг 30 сентябрь куни Наврўз ЮНЕСКО томонидан инсониятнинг номоддий маданий мероси рўйхатига киритилган эди. Қарор Ташкилотнинг номоддий меросни сақлаш ҳукуматлароро қўмитасининг 24 нафар аъзоси томонидан тасдиқланди. 2010 йилнинг 19 февраль куни БМТ Бош Ассамблеясининг 64-сессияси 21 мартни “Халқаро Наврўз куни” сифатида нишонлаш тўғрисидаги қарорни бир овоздан қабул қилди. Қабул қилинган резолюцияда мазкур байрам маданиятлароро мулоқот ва ўзаро тушунишни рағбатлантириши таъкидланади. Шу тариқа Наврўз бирор бир миллат ёки маданиятнинг байрами сифатида эмас, балки бутун инсоният меросининг бир қисми сифатида нишонланмоқда.
 
Эндиликда сайёрамизда истиқомат қилувчи ҳар бир инсон халқаро байрамнинг тўлақонли иштирокчисига айланган. Наврўз яхши қўшничилик, ҳамкорлик, маданиятлароро мулоқотларни рағбатлантиришга хизмат қилиши шубҳасиз. 

Бу байрам халқаро ҳамкорликни ривожлантиришда муҳим роль ўйнашига ҳеч ким шубҳа қилмаяпти. БМТ Бош Ассамблеяси қабул қилган резолюцияда Наврўз кенг нишонланадиган давлатларнинг байрам билан боғлиқ аньана, маданиятини сақлаш ва ривожлантириш борасидаги хатти-ҳаракатлари юксак баҳоланади.
 
БМТ томонидан қабул қилинган қарорга кўра, Наврўз нишонланадиган мамлакатлар байрам билан боғлиқ анъана ва унинг келиб чиқиш тарихини ўрганиб, бу меросни халқаро миқёсда кенг тарғиб қилишлари керак бўлади. 

Бош Ассамблея БМТнинг барча аъзо давлатларига мурожаат қилиб, Наврўз ҳақида ахборот беришни кучайтириш, шу билан бирга зарурат туғилганда БМТ ва халқаро ҳамжамиятнинг ихтисослашган тузилмалари, фонд ва дастурлари ҳамда халқаро ва минтақавий ташкилотлар, ноҳукумат ташкилотлари томонидан ҳар йили Наврўз тантаналарини ташкиллаштириши юзасидан маслаҳат берди. 

Наврўзнинг қачон ва қандай вужудга келганлигини аниқ кўрсатиш қийин. Шундай бўлса-да, ишонч билан айтиш мумкинки, бу байрам доно ва зукко кишилар томонидан кашф қилинган. Чунки Наврўз коинот ва табиат қонуниятлари, яъни қуёшнинг ҳамал буржига кириши, кеча ва кундузнинг тенглашиши, табиатда жонланиш юз бериши, баҳорнинг келиши билан боғлиқ тарзда илмий асосланиб белгиланган. Бу эса ҳар қандай жамиятда “йил боши” (қачон келишидан қатъи назар) Наврўзни табиат байрами сифатида нишонлаш учун асос бўлган. Аслида Наврўз ибтидоий жамоа даврида одамлар деҳқончиликка янги иш мавсуми бошлашдан олдин ўтказадиган баҳор байрами сифатида шаклланган. Замонлар ўтиши билан бу байрам такомиллашиб, унга мос кун аниқланган. У “йил боши” сифатида белгиланиб, унга “Наврўз” (яъни, “Янги кун”) деган ном берилган, деб тахмин қилиш мумкин. 

Наврўз шамсий янги йилнинг бошланиши ҳисобланиб, тарихи минглаб йилларга бориб тақалади. Наврўзни нишонлайдиган ҳар бир мамлакатда ўзига хос анъаналари мавжуд. Эронда бу “ҳафт син”, яъни “с” ҳарфидан бошланадиган етти хил ноз-неъмат билан дастурхон безатилади. Афғонистоннинг Мозори Шарифида ҳазрат Али мақбарасида “Жанда Боло” маросимига минглаб кишилар йиғиладилар.
 
Наврўз шарқ халқларининг севимли ва бош байрами хисобланади. Жумладан Озарбайжонда ҳам Наврўз кенг нишонланади. Байрамнинг биринчи куни одамлар дарё ёки булоққа бориб, унинг сувини бир-бирларига сепадилар. Озарбайжонликлар сувни поклик ва тозалик рамзи сифатида кўришади. Шу тариқа улар янги йилда бир-бирларига бахт-саодат тилайдилар. Шундан сўнг бир-бирларини ширинликлар билан меҳмон қиладилар. Наврўз куни албатта ширинлик истеьмол қилиш уларнинг азалий одати ҳисобланади. Марказий Осиё халқлари Наврўзни деярли бир хил кутиб оладилар.
 
Баъзи давлатларда бу байрам расмий тақиқ ва маън қилишлардан омон қолган, асраб келинган бир анъанадир. Заминга баҳор келиши билан барча юртларда миллий байрам ва анъаналар бошланади. Чунки дунё халқларининг ҳар бирида кўклам фасли ва янги йилга бағишланган анъана-ю, расм-русумлар бор. Уларнинг барчаси ўзига хос ва жозибали. Жумладан, Хитойда янги йил айёми январь ойи охири февраль ойи бошларига тўғри келади. Янги йилни нишонлаш “уй тозалаш”дан, эскирган буюмларни чиқариб ташлашдан бошланади. Бу қадимий юртда янги йил тантаналари “Chun jqe” – баҳор байрамига уланиб кетади. Эрамиздан аввалги иккинчи асрдан бери нишонланиб келинаётган “Chun jqe” байрамининг мазмун-моҳияти, яъни хонадонларда меҳмон кутиш, меҳмонга бориш, қарияларни зиёрат қилиш, болаларни хурсанд қилиш, деҳқончилик ишларига киришиш одатлари худди бизнинг Наврўз удумларини эслатади.
 
Тинч океанидаги бир қатор ороллардан иборат Фижи мамлакатида қишдан баҳорга ўтиш кескин билинмайди. Денгиз ҳавоси доим мўтадилликни сақлаб туради. Бироқ Фижи гулининг очилиши баҳор келганидан дарак беради. Аҳоли баҳорни алқаб, турли тадбирлар ўтказа бошлайди. 

Кунчиқар мамлакат Японияда баҳорнинг дастлабки ҳафтасида “Мома-но сэкку” – ўрик гули байрами нишонланади. Деҳқонлар шу куни бир-бирларини баҳор айёми бошланиши билан қутлаб, далага чиқадилар. Японияда ўрик гуллаши нафосат ва баҳорий гўзалликка қиёсланади. 

Тайланднинг Чиангмай шаҳрида ҳар йили февраль ойининг биринчи жумасида “Гуллар сайри” маросими бошланади. Бу маросим юртга баҳор келганлигидан далолат бўлиб, икки кун ичида бутун мамлакатга ёйилади. Таиланд кўчалари қўлларида анвойи гуллар тутган ва башанг кийинган ёшу қари билан гавжумлашади. Катта-ю кичикнинг бир-бирларига гул тақдим этиб, қутлашлари баҳор рамзидир.

Руминия ва Молдова мамлакатларида баҳорнинг илк кунида “Мэрцишор” тантанаси бўлиб ўтади. Шу куни одамлар бир-бирларига оқ ва қизил дастрўмоллар тақдим этади. Дастрўмол олган кишилар уни бир ой авайлаб сақлаб юриб, 1 апрелда дарахтга илиб қўядилар. Бу баҳор даракчиси саналади. Баҳорнинг асосий тадбирлари шундан сўнг бошланади. 

Скандинавия халқлари баҳорни май ойида кутиб оладилар. Тарихий анъанага кўра, денгизчи ва уй бекаси кўринишида кийинган бир гуруҳ йигит-қизлар денгиз ёки ўрмон четида катта гулхан ёқиб, унинг атрофида шўх рақслар тушиб, баҳорни кутиб оладилар. Шундан сўнг аҳоли масканларида кўклам фасли тадбирлари авж олади.

Баҳорий анъана ва байрамлар қандай ҳолатларда нишонланмасин, ҳамманинг чеҳрасида бизнинг Наврўз айёмимиздек ўзаро самимият, меҳр-оқибат туйғулари ҳукм суради. 
Суннатилла Абдуллаев

Теглар:Наврўз 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!