Ҳамдардлик номасида Ислом Каримовнинг вафоти нафақат ўзбек халқи, балки МДҲ ва ШҲТ давлатлари учун оғир жудолик эканлиги айтилди.
“Унинг ҳаётдан кўз юмиши — Ўзбекистон халқи ҳамда бутун Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги ва Шанхай ҳамкорлик ташкилоти бўйича шерик давлатлар учун катта йўқотишдир. Ислом Абдуғаниевич нуфузли давлат арбоби, ўз мамлакатининг чинакам этакчиси эди. Замонавий ўзбек давлатчилиги тарихидаги энг муҳим босқичлар унинг номи билан боғланади.
Ислом Каримов раҳбарлиги остида Ўзбекистонда Марказий Осиёда хавфсизлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш, минтақада кўптомонлама ҳамкорликни ривожлантиришга хизмат қилган тинчликсевар ташқи сиёсат юритилди.
Ислом Каримовнинг мамлакатларимиз ўртасидаги стратегик шерикчилик ва ҳамкорлик муносабатларининг ўрнатилишидаги ҳиссасини баҳолаш қийин. Қардош халқларимиз манфаатлари йўлида Россия-Ўзбекистон ҳамкорлигини келгусида ҳам янада ривожлантиришимизга ишончим комил”.
Владимир Путин Ислом Каримовнинг яқинлари, Ўзбекистон ҳукумати ва халқига чуқур ҳамдардлигининг етказилишини сўради.