...
МЕНЮ
ONLINE TV

Видео: Шавкат Мирзиёевнинг МДҲ кенгашидаги нутқи


10:33, 13.10.2017 Жамият
 3 356

Ўзбекистон МДҲ доирасида эркин савдо ҳудудини яратилишини қўллаб-қувватлайди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги давлат раҳбарлари кенгаши мажлисидаги нутқи.
 
Муҳтарам Владимир Владимирович!
 
Ҳурматли давлат раҳбарлари!
 
Ҳамдўстлик давлатлари раҳбарлари саммити иштирокчиларини қутлашга ва Россия Федерацияси Президенти Владимир Владимирович Путинга самимий қабул ва меҳмондўстлик, шунингдек, учрашувимиз юксак даражада ташкил этилгани учун чуқур миннатдорлик билдиришга ижозат бергайсиз.
 
Россия ўзининг раислиги доирасида Ҳамдўстликнинг устувор вазифаларини амалга ошириш бўйича кенг кўламли ишларни бажарди.
 
Энг муҳими, Россия Федерациясининг принципиал позицияси туфайли МДҲга зарурат бор-йўқлиги тўғрисидаги мунозараларга “якуний нуқта” қўйилди.
 
Ҳамдўстлик ўзининг долзарблиги ва аҳамиятини тўлиқ исботлаганини таъкидламоқчиман.
 
Бугунги кунда Ташкилотимизни янада ривожлантириш ва мустаҳкамлаш, унинг халқаро нуфузини муттасил ошириб бориш зарурлиги ҳақида аниқ тасаввур мавжуд.
 
Бу Россия МДҲ фаолиятида, сиёсий, савдо-иқтисодий ва гуманитар соҳаларда ўзаро манфаатли муносабатларни кенгайтиришда муҳим ва асосий ўрин эгаллашини яна бир бор тасдиқлайди.
 
Ҳурматли ҳамкасблар!
 
Барчамиз бугун дунёда рўй бераётган шиддатли ўзгаришларнинг гувоҳи бўлиб турибмиз.
 
Илғор технологияларнинг фаол жорий қилинаётгани ва глобал ахборот-коммуникация макони тараққий этаётгани барча жараёнларни жадал ва тез ўзгартирмоқда, қитъалар, минтақалар, давлатлар ва бизнес даражасидаги ҳамкорликнинг янги шаклларини ривожлантиришга хизмат қилмоқда.
 
Бугун ҳаётнинг ўзи эскича ёндашувлар самарасиз эканини яққол тасдиқламоқда. Асосий эътиборни конструктив амалий ҳамкорликка қаратиш лозим.
 
Биз шиддат билан олдинга қараб ҳаракат қилишимиз зарур.
 
Бу борада Ўзбекистон ўз ёндашувларини жиддий мақбуллаштириш ва МДҲ фаолиятидаги иштирокига сифат жиҳатидан янги суръат бағишлашни мақсад қилиб қўйган.
 
Шуни алоҳида таъкидламоқчиманки, МДҲ Ўзбекистон учун шунчаки мулоқот, фикр алмашиш ва қарашларни “солиштириш майдони” эмас.
 
Бу тузилма биз учун устувор соҳаларда амалий ҳамкорлик қилишнинг ғоят муҳим институтидир, Ҳамдўстликка аъзо мамлакатлар эса бизнинг доимий шерикларимиз, қўшниларимиз ва дўстларимиздир.
 
Шу муносабат билан биз Ўзбекистон Республикаси миллий координатори мақомини ташқи ишлар вазири ўринбосаридан Бош вазир ўринбосари даражасига кўтаришга қарор қилдик.
 
Шунингдек, биз МДҲ Иқтисодий кенгашидаги иштирокимизни қайта тикладик.
 
Биз Ўзбекистоннинг МДҲ доирасидаги ҳуқуқий базаси ва ҳамкорлиги ҳолатини тубдан қайта кўриб чиқиш ва шу асосда уни кенгайтириш учун имкониятлар истиқболини белгилаб олишни режалаштирганмиз.
 
Биз бир қатор устувор йўналишлар бўйича, аввало, савдо, инвестиция, транспорт, туризм, таълим ва илм-фан, шунингдек, хавфсизлик соҳаларидаги ҳамкорликни фаоллаштиришдан манфаатдормиз. МДҲнинг биз аввал иштирок этмаган тармоқ органлари фаолиятида иштирок этишга тайёрмиз.
 
Бизнинг пировард мақсадимиз — Ўзбекистоннинг Ҳамдўстлик доирасидаги ҳамкорлигини фаоллаштириш бўйича “Йўл харитаси”ни ишлаб чиқишдир.
 
Буларнинг барчаси муносабатларимизда принципиал жиҳатдан янги саҳифа очишига, кенг кўламли ва самарали шерикликни кенгайтириш учун янги имкониятлар яратишига ишонаман.
 
Бу борадаги биринчи қадам сифатида 3 ноябрь куни Тошкентда илк бор МДҲ Ҳукуматлар раҳбарлари кенгашининг мажлиси ўтказилади.
 
Сизлар қўллаб-қувватласангиз, биз 2020 йилда Ҳамдўстликка раисликни қабул қилиш ва навбатдаги Саммитни Ўзбекистонда ўтказишга тайёрмиз.
 
Муҳтарам делегациялар раҳбарлари!
 
Биз ўз олдимизга долзарб муаммоларни биргаликда ҳал қилиш, ишонч ва ўзаро англашувни мустаҳкамлаш, мамлакатларимиз ўртасидаги амалий ҳамкорликни кенгайтириш бўйича аниқ ва равшан мақсадлар қўймоқдамиз.
 
Шу муносабат билан МДҲда Ўзбекистон иштирокининг қуйидаги устувор йўналишларини алоҳида қайд этмоқчиман.
 
Биринчидан. Биз Ҳамдўстлик маконида ҳеч қандай истисно ва чекловларсиз тез фурсатда тўлақонли эркин савдо ҳудудини шакллантиришнинг тарафдоримиз.
 
Йил бошидан буён Ўзбекистон ва МДҲ мамлакатлари ўртасида товар айирбошлаш ҳажми 20 фоиздан зиёд ошганини таъкидламоқчиман.
 
Ўзбекистон МДҲга аъзо мамлакатлар билан савдо, инвестиция, инновация ва молия соҳаларида янги лойиҳаларни амалга оширишдан манфаатдор. Биз венчур лойиҳалар ва иқтисодий зоналарни биргаликда ривожлантиришга тайёрмиз.
 
Иккинчидан. Транспорт ва коммуникациялар соҳаси, МДҲ маконида самарали интеграциялашган транспорт тизимини ривожлантириш, минтақамизнинг улкан транзит салоҳиятидан тўлиқ фойдаланиш стратегик муҳим йўналишдир.
 
Маъмурий тартибот ва регламентларни такомиллаштириш, юк ташувлари ва транзит учун ўзаро преференциялар тақдим этишни бу борадаги ишларнинг муҳим жиҳатлари, деб ҳисоблаймиз.
 
Учинчидан. Амалий илмий-техник ҳамкорлик ва таълим соҳасидаги алмашинувни кенгайтиришга ҳамкорликдаги ҳаракатларимизнинг устувор йўналиши сифатида қараймиз.
 
Бизнинг Россиянинг нуфузли олий таълим муассасалари билан биргаликда тўплаган тажрибамиз асосида юқори малакали кадрлар тайёрлаш бўйича қўшма дастурлар, юқори технологиялар соҳасида лойиҳалар, шунингдек, ҳамкорликда илмий тадқиқотлар олиб боришни таклиф этамиз.
 
Тўртинчидан. Туризм соҳасида катта истиқболлар мавжуд.
 
Фикримизча, биздаги кенг имкониятлар ва улкан туризм салоҳияти, афсуски, ҳалигача тўлиқ ишга солинмаган.
 
МДҲга аъзо давлатларнинг туризм соҳасидаги ҳамкорлигини 2020 йилга қадар ривожлантириш стратегияси амалга оширилишини биргаликда таҳлил қилиш ва аниқ ҳаракатлар режасини ишлаб чиқиш мақсадида Ҳамдўстликнинг Туризм бўйича кенгашининг навбатдаги мажлисларидан бирини Самарқандда ўтказишни таклиф қиламиз.
 
Бешинчидан. Биз ҳарбий-техник соҳадаги кооперация даражасини ошириш, мамлакатларимиз ўртасидаги мавжуд шартнома ва битимлар доирасида қўшма дастур ва лойиҳалар ишлаб чиқишдан манфаатдормиз.
 
Олтинчидан. Барча бунёдкорлик режаларимизни фақат тинчлик ва барқарорлик шароитида, хавфсизликка таҳдид солувчи замонавий хавф-хатарларга ўз вақтида жавоб қайтариш орқали рўёбга чиқариш мумкинлиги аён ҳақиқатдир.
 
Шу муносабат билан жиноятчилик, терроризм, наркотик моддаларнинг ноқонуний айланиши ва одам савдосига қарши муросасиз курашиш соҳасида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва махсус хизматлар йўналишидаги ҳамкорлик муҳим амалий аҳамиятга эга.
 
Афғонистондаги мураккаб вазият жиддийлигича қолмоқда.
 
Ўзбекистон Россия, Марказий Осиё мамлакатлари ва МДҲнинг бошқа давлатлари билан ҳамкорликда Афғонистон муаммосини сиёсий йўл билан ҳал қилиш бўйича кўмаклашишга тайёрлигини билдиради.
 
Ҳурматли ҳамкасблар!
 
Мажлисимиз кун тартибини муҳокама қилар эканмиз, Оила институти ва анъанавий оилавий қадриятларни қўллаб-қувватлаш тўғрисидаги баёнотни алоҳида қайд этмоқчиман.
 
Бугунги глобаллашув шароитида ҳар қандай давлат ва жамиятнинг асосини ташкил этадиган асл ва фундаментал қадриятларни унутмаслигимиз лозим.
 
Ўсиб келаётган авлод айнан оилада маънавий-ахлоқий тарбия олади, масъулиятли бўлишни ва лоқайд бўлмасликни ўрганади.
 
Ушбу муҳим соҳада тажриба алмашиш мақсадида Ўзбекистонда келгуси йилда “Оилани мустаҳкамлаш ва ўсиб келаётган ёш авлодни тарбиялашда ўзини ўзи бошқариш органларининг роли” мавзусида халқаро конференция ўтказишни таклиф этамиз.
 
Муҳтарам давлат раҳбарлари!
 
Бугун бўлиб ўтган самарали мулоқот ва қабул қилинган қўшма қарорлар МДҲ доирасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш ва самарадорлигини оширишда муҳим қадам бўлишига ишонаман.
 
Ҳамдўстликка раисликни қабул қилгани муносабати билан Тожикистон Президенти Имомали Шарипович Раҳмонга билдирилган табрикларга қўшиламан ва ушбу масъулиятли вазифани бажаришда унга катта муваффақиятлар тилайман.
 
Сўзимнинг якунида Россия томонига ва Россия Федерацияси Президенти Владимир Владимирович Путинга самимий қабул ва саммит юксак даражада ташкил этилгани учун яна бир бор ўзимнинг миннатдорлигимни билдираман.
 
Эътиборингиз учун раҳмат.
 

Теглар:Шавкат Мирзиёев МДҲ саммитидаги нутқ 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

qalampir.uz сайтини баҳоланг!

Барча сўровлар