Рамзан Қодиров Ўзбекистонга амалий ташриф билан келди.
Кеча, 16 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонга амалий ташриф билан келган Россия Федерацияси таркибидаги Чеченистон Республикаси раҳбари Рамзан Қодировни қабул қилди.
Президент расмий веб-сайти берган хабарга кўра, Давлат раҳбари меҳмонни қутлаб, олий даражадаги мунтазам учрашувлар Ўзбекистон билан Россия ўртасидаги стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини мустаҳкамлашга, уларни аниқ амалий мазмун билан бойитишга хизмат қилганини алоҳида таъкидлади.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев билан Россия Президенти Владимир Путиннинг яқинда Сочи шаҳрида бўлиб ўтган учрашувида томонлар ҳудудлар даражасидаги алоқалар фаоллашаётганидан мамнун эканликларини билдириб, ушбу ҳамкорликни қўллаб-қувватлашини таъкидладилар.
Чеченистон раҳбари Ўзбекистон Президентига самимий қабул ҳамда отаси Аҳмад ҳожи Қодиров таҳсил олган ислом цивилизациясининг тарихий марказларини зиёрат қилиш мақсадида Ўзбекистонга ташрифини ташкил қилишга кўмаги учун чуқур миннатдорлик билдирди.
Суҳбат сўнгида Рамзан Қодиров икки мамлакат ўртасидаги ўзаро манфаатли ва кўп қиррали алоқаларни ривожлантириш ва мустаҳкамлашда фаол иштирок этишга тайёр эканини таъкидлади.