Аслида киши қайси миллатга мансуб бўлмасин, у жоҳил, бегуноҳ инсонлар қонини тўкадиган террорчи экан, уни инсон деб бўлармикан аслида?!
Суриянинг Туркияга чегарадош ҳудуди ҳам тартибсизликлар остида. Ўзбекистоннинг асосий аҳлининг севимли дам олиш ва саёҳат қилиш манзили бўлган Истанбул шаҳри эса сўнгги йилларда катта хавф остида қолиб, бу ерда бир неча марта йирик терактлар содир этилди. Деярли ҳар сафар қўпорувчилик ҳаракати юзасидан суриштирув олиб борилганида террорчининг ўзбек экани тахмин қилинади, аммо бу хулоса тинчликсевар ва ватанпарвар бўлган, ҳақиқий маънода ЎЗБЕК миллатига мансуб кишиларнинг дилини оғритади.
Ватанини чин қалбдан севувчи ҳар бир инсон қалбидаги, дилидаги гаплар қўшиққа айланди. Марҳум Охунжон Мадалиевнинг ўғли отасининг ижод йўлидан бориб, шу кунгача кўплаб мухлислар орттиришга муваффақ бўлди. Тез кунларда хонанда яна бир таронасини тақдим этишга тайёрланмоқда. “Ўзбек эмас...” дея номланган қўшиқ юқоридаги мавзуни тараннум этади.
Қиличбек Мадалиев ижтимоий тармоқдаги саҳифаси орқали бу ҳақда хабар берар экан, “Сўнгги пайтларда дунёнинг турли жойларида содир этилаётган қўпорувчилик ижрочилари ўзбек миллатига мансуб, деган хабарлар юрагимни вайрон қилмоқда.
Гапирмангиз, эшитмайман ёлғон бари,
Қўли қонга ботган бўлса, ўзбек эмас.
Юрти ва халқи учун жонини фидо қилишга тайёр ўзбек ўғлони сифатида яна бир бора шуни айтаманки, тирик жонни қақшатган, болажонларни етим қилиб, қувончини бутун умрга тортиб олиб, қўли қонга ботган бўлса, ўзбек эмас. Ушбу қўшиғимизни тез кунда эътиборингизга ҳавола қиламиз”, дея изоҳ қолдирди.
Хонанданинг мухлислари тарона ва клипдан қўйилган парчани кўрибоқ, интизорлик билан кутишаётганликларини билдиришди.
Дарҳақиқат, куни кеча Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев “Ижтимоий барқарорликни таъминлаш, муқаддас динимизнинг софлигини асраш – давр талаби” мавзусида ўтказилган анжуманда иштирок этиб, терроризм балоси ҳақида алоҳида тўхталиб ўтди.
“Мусулмончилик ҳар биримизнинг юрагимизда, виждонимизда бўлиши лозим. Инсон имон-эътиқодли бўлса, юртига содиқ хизмат қилса, у ҳақиқий ватанпарвар бўлади”, дея сўзлаган Шавкат Мирзиёев ислом динини ниқоб қилиб, ўзга мамлакатлардаги террорчилик гуруҳларига қўшилиб, босқинчилик ҳаракатларида иштирок этаётганларни Ўзбекистон фуқаролигидан маҳрум қилишга тайёр эканини билдирди.
Хусусан, Президент иккиюзламачи нонкўрларга бу юртда жой йўқлигини таъкидлади.
Аслида киши қайси миллатга мансуб бўлмасин, у жоҳил, бегуноҳ инсонлар қонини тўкадиган террорчи экан, уни инсон деб бўлармикан аслида?! Бундай кимсаларнинг на миллати, на эътиқоди бор. Минг афсуски, жаҳолат иллати уларнинг қон-қонига сингиб кетган...