...
МЕНЮ
ONLINE TV

Видео: Масжидни хусусийлаштирмоқчи бўлган Шуҳрат “Домбрабадский” ва унинг акаси қўлга олинди


17:23, 01.07.2018 Жамият
 12 977

Ака-укалар масжид ходимларига таҳдид қилиб, муҳр, штамп ва барча ҳужжатларини тортиб олган.

Тошкентда Худонинг уйи – масжидга давъвогарлик қилган ака-укалар қўлга олинди. Бу ҳақда “Ўзбекистон24” телеканали “Манманликнинг охирги бекати” кўрсатувида маълум қилган.
 
Унга кўра, халқ орасида Шуҳрат “Домбрабадский” (Дўмбиробдлик Шуҳрат) номи билан танилган Шуҳрат Носиров ҳамда унинг акаси Шавкат Носиров 8 июнь куни қўлга олинган бўлиб, ака-ука Носировларга нисбатан Чилонзор ИИБ томонидан Жиноят кодексининг 145-моддаси (виждон эркинлигини бузиш), 227-моддаси (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкаларни, авторақамларни эгаллаш, нобуд қилиш, уларга шикаст етказиш ёки уларни яшириш), 228-моддаси (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) ва 165-моддаси (товламачилик) моддалари бўйича жиноят иши очилган.
 
Носировлар 2018 йилнинг май ойидан бошлаб, Дўмбирободдаги “Носирхон” масжиди уларнинг шахсий мулки эканини важ қилиб, масжид ишларига аралаша бошлаган. Улар масжид ходимларига таҳдид қилиб, муҳр, штамп ва барча ҳужжатларини тортиб олган. Шундан сўнг ака-укалар масжид Ўзбекистон мусулмонлар идорасига тегишли эканини билдирмайдиган янги (ноқонуний) муҳр тайёрлаб, ундан фойдалана бошлаган.
 
Носировларнинг “каттаси” 62 ёшли Шавкат Носиров ўзини масжид ҳайъати раиси этиб сайлаган ва шу билан масжид фаолиятини бошқаришга киришган. Масжид ҳисобчиси сифатида эса ака-укага бўйсунувчи шахс тайинланган ва унга Ўзбекистон Мусулмонлари идораси ҳамда унинг Тошкент шаҳар вакиллигига пул ўтказиш маън қилиб қўйилган. Ака-ука Носировлар Дин ишлари бўйича қўмита ва Адлия вазирлиги рухсатисиз масжид номини “Насруллохон тўра” деб ўзгартирмоқчи бўлган.
 
Масжидга яқин бўлган фуқароларга тегишли ер участкаларини эгаллаб олиш йўли билан масжид ҳудудини кенгайтириш ва таъмирлашни режалаштиришган. Қўшнилардан бирининг берган маълумотга кўра, ака-ука Носировлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларига мурожаат қилган қариндоши Баҳодир Шароповнинг аризасига кўра қўлга олинган.
 
Унинг айтишича, қариндошининг аслида Шуҳрат “Домбрабадский”га тегишли бўлган уйини сотиш ниятида бўлгани Шуҳрат Носировни қаттиқ ғазаблантирган. Баҳодир Шаропов ака-укалар ундан уйнинг барча ҳужжатларини олиб қўйганидан кейин ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларига мурожаат қилишга мажбур бўлган.
 
Маълумот ўрнида, Шуҳрат Носиров 1990 йиллар бошида жиноий гуруҳ ташкил этиб, рэкет ва бошқа зўравонликларга таянган ҳолда жиноятлар содир этган. 1993 йили 16 йилга озодликдан маҳрум этилган, кейинчалик икки марта жазо муддати узайтирилиб, жами 23,5 йил умрини қамоқ калоннасида ўтказган. Шуҳрат Носиров 2016 йилнинг августида озодликка чиқарилган эди. Маълумотга кўра, Носировларнинг 55 ёшли синглиси Гулнора Расулова ҳам ҳозирда қўлга олинган.
Акмалхон Эшонхонов

Теглар:Шуҳрат Домбрабадский жиноят 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Сиз ҳеч пора бериб кўрганмисиз?

Барча сўровлар