Тасвирчи Аммар Алваели мўъжиза туфайли Ислом давлати снайпери ўқидан жиддий жароҳат олмади.
Ироқнинг Мосул шаҳрида юз берган воқеани Британиянинг “The Sun” нашри мухбири Оуэн Холдауэй суратга олган. У ўқ камерага қандай қилиб теккани ва уни синдирганини тасвирга туширган.
“Аввал нима бўлганини билмадим. Мен ерга йиқилдим ва Аммарга нима бўлганини кўриш учун ўгирилишга ҳаракат қилдим, бироқ уддалай олмадим. Ниҳоят, бошимни кўтардим ва ўқ Аммарга бир неча кун олдин берган эски GoPro камерамни синдирганини кўрдим”, дейди Холдауэй.
Кадрларда камера синиқлари тасвирчининг юзини кесиб юборганини кўриш мумкин, лекин жиддий оқибатлардан қутулиб қолган.
Ҳодисадан сўнг Алваелини шифохонага олиб боришган ва унга томчи укол қуйишган.