Август ойи бошидан буён шаҳардаги отишмалар туфайли 100 киши ҳалок бўлган. Уларнинг аксарияти болалар ва аёллардир.
Шаҳарнинг жанубида жойлашган Ал-Ҳамадония тумани нисбатан кўпроқ вайрон бўлган. 10 август куни йўловчи автобусига тушган заҳарли газ баллони ва бозорлардан бирига ташланган бомбалар 14 кишининг ўлимига сабаб бўлди. Шунингдек, 50 киши жароҳатланди.
“Мен чуқурлиги беш метр келадиган ердаги ўйиқларни кўрдим. Бу бомбалардан қолган излар. Бундай қуроллар бутун бир уйни вайрон қилади. Менинг уйимга ҳам бомба тушган”, дейди Алеппо шифохонаси патологоанатоми Ҳошим.
Шаҳарнинг кичик ва катта ёшдаги барча аҳолиси фожиалар исканжасида яшайди. “Менинг ёшим 17да, эндигина 11-синфни тамомладим. Уйда ётган эдим, уйғонсам ҳамма жойим қон. Нима бўлаётганини тушунмадим. Мени шифохонага олиб келиб, операция қилишди, фақат шуни эслай оламан. Кейинроқ эшитишимча, террористлар бомба ташлашган экан, отам ва ака-укаларим ҳам жароҳатланган экан”, дейди маҳаллий аҳоли вакили Малик Касаб.
Ал-Ҳадами туманида яшовчи Нажуа Катви террористлар шаҳарни артиллерия, газ баллонлари ва қўлбола ракеталар билан вайрон қилаётгани ҳақида гувоҳлик берди. “Бомбалардан бири уйимиз яқинидаги дўконни вайрон қилди ва унинг эгасининг оёғини узиб юборди. Бомба парчалари менинг айвонимга ҳам тушди, болаларимни яширишга аранг улгурдим”, дейди у.
Маълумот ўрнида, Алеппо Суриянинг энг йирик шаҳарларида бири бўлиб, аҳолиси 2.5 миллионга яқин. Лекин мамлакатдаги фуқаролар уруши ва террористлар ҳужуми натижасида аҳолининг сони кескин камайган. Айни дамда шаҳар аҳолиси бир миллионга ҳам етмайди.