Ҳамза бин Ладен АҚШ ва унинг иттифоқчиларидан отасининг ўлими учун қасос олиши ҳақида 21 дақиқалик овозли хабарни интернет орқали тарқатган.
Ҳамза бин Ладен отаси бошчилик қилган глобал террорчи гуруҳнинг АҚШ ва унинг иттифоқчиларига қарши урушни давом эттиришини 21 дақиқалик нутқида таъкидлаб ўтди.
“Биз сизга ўз мамлакатингиз ва хорижда зарба беришда давом этамиз. Бу сизларнинг Фаластин, Афғонистон, Сурия, Ироқ, Яман, Сомали ва бошқа давлатларда одамлар қонини тўкаётганингизга жавоб бўлади”, дейди Ҳамза.
Маълумот ўрнида, Усама бин Ладен 2011 йилда Покистонда АҚШ махсус хизмат вакиллари томонидан ўлдирилган.
Хабарда ёзилишича, ўтган йили АҚШ ҳукумати террорчи ташкилотга доир муҳим бир маълумотни чоп этган эди. Унда бин Ладеннинг тарафдорлари унинг ўғли Ҳамза бошчилигида террористик гуруҳни қайтадан бирлаштириш ҳақида сўз борган. Бу пайтда Ҳамза Эронда уй қамоғида сақланган.
У 2001 йилги 11 сентябрь воқеаларидан олдин Афғонистонда отасининг қарамоғида бўлган ва АҚШ бошчилигида Афғонистонга қўшин киритилгач, “Ал-Қоида”нинг бошқа раҳбарлари билан Покистонга қочган, дейди Brookings Institute.
“Ҳамза “Ал-Қоида”нинг янги юзи сифатида шаклланмоқда ва у ташкилот асосчисига (Усама бин Ладен) бевосита алоқадор. У хавфли душман ҳисобланади”, дейди Brookings таҳлилчиси Брюс Риедел.
Маълумот ўрнида, Ҳамза бин Ладен 1991 йилда туғилган. 2011 йилда Усама бин Ладенни йўқ қилиш операцияси пайтида у Покистонда бўлмаган.