9/11 фожиаси оқибатида 3000га яқин одам ҳалок бўлиб, 6300 киши жароҳатланган эди.
Ўшанда “Ал-Қоида” террористик ташкилотининг 19 аъзоси томонидан ўғирланган American Airlines ва United Airlines авиакомпанияларига тегишли бўлган самолётлар Нью-Йоркда Жаҳон савдо марказининг 110 қаватли эгизак биноларига келиб урилди, бошқа бир самолёт Вашингтондаги АҚШ мудофаа вазирлиги биносига қулаб тушди, яна бир самолёт эса Пицбург шаҳридан бир неча юз метр нарига тушган.
Жами ҳалок бўлган 2977 кишининг (19 нафар террорчидан ташқари) 246 нафари ўғирланган самолёт йўловчилари ва экипаж аъзолари, 2606 нафари эгизак бинолар ичида ва ташқарисида бўлган одамлар, 125 нафари Пентагондаги ходимлар бўлган. Теракт оқибатида АҚШ фуқароларидан ташқари, 91 мамлакат вакиллари ҳам қурбон бўлган.
Мудҳиш теракт оқибатида етказилган зарар 36 миллиард долларга тенг бўлди, вайрон бўлган иккита эгизак бино жойлашган ҳудудни тозалаш учун саккиз ойдан ортиқ муддат сарфланди. Мудофаа вазирлигининг шикастланган ғарбий қаноти 2002 йил сентябригача қайта тикланди.
Мазкур фожиалар хотирасига 11сентябрь АҚШда Ватанпарварлик ва ибодатлар куни сифатида нишонланади. Федерал биноларнинг барчасида шу куни давлат байроқлари туширилади.
9/11 да иштирок этган 19 нафар террорчининг шахси аниқланди. Улар БАА, Ливан, Миср ва Саудия Арабистони фуқаролари эканлиги маълум бўлди. Бу шахслар “Ал-Қоида” террорчилик ташкилотига алоқадор бўлиб, АҚШда қонуний равишда яшаган, уларнинг баъзилари эса Америка учувчилик мактабларида таҳсил олган.
Амалга оширилган терактларни мамлакат хавфсизлиги учун катта таҳдид деб баҳолаган Вашингтон “Ал-Қоида” ташкилотини таг-томири билан яксон қилиш мақсадида 2001 йил октябрида Афғонистонга Буюк Британия билан биргаликда қўшин киритди. АҚШ махсус кучлари 2011 йилнинг 2 майида Покистоннинг Абботобод шаҳрида олиб борган “Нептун найзаси” операцияси натижасида “Ал-Қоида” раҳбари Усама бен Ладен ўлдирилди.