Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг таклифига кўра, Хивада вокзал қурилади.
Хоразм вилоятига ташриф уюштирган давлат раҳбари вилоятда амалга оширилиши лозим бўлган вазифаларни санаб ўтди.
Ташрифни Хиванинг Ичан-Қалъа мажмуасидан бошлаган Шавкат Мирзиёев аввало, туризм соҳасини янада ривожлантириш кераклигини таъкидлади. Туризм имкониятларидан кенг фойдаланган ҳолда янги йўналишлар очиш, меҳмонхоналар ва транспорт тизимини янада ривожлантириш зарурлигини қайд этди.
Президент Шавкат Мирзиёев туризм соҳасини ривожлантириш ва бу борада истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш ҳақида гапирар экан, Урганчдан Хивагача темир йўл барпо этиш, Хива шаҳрида эса янги вокзал қуриш, ҳаракатланиш учун электропоездлар қатновини йўлга қўйиш лозимлигини айтиб ўтди. Қайд этилишича, мазкур вокзалга кейинчалик “Afrosiyob” тезюрар поездлари ҳам келтирилиши мумкин. Қолаверса, шаҳарда кечки сайр имкониятини яратиш учун сайлгоҳлар ҳам ташкил этилади.
Шавкат Мирзиёевнинг кўрсатмаларига биноан, вилоятда туризм салоҳиятини янада ривожлантириш ва хизмат турини яхшилаш, хорижий сайёҳлар жалб этиш мақсадида ихтисослашган мутахассисларнинг малакаси оширилади, сувенир ишлаб чиқарадиган корхоналар кўпайтирилади. Бу борада мутасаддиларга тегишли топшириқлар берилди.